Эрдўған Ўзбекистон билан ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга содиқлигини айтди
Жамият
−
24 Июль 2025 3968 3 дақиқа
Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған бугун, 24 июль куни 68 ёшни қаршилаган Президент Шавкат Мирзиёевни туғилган куни билан табриклади. Бу ҳақда Президент матбуот котиби Шерзод Асадов хабар берди.
“Ҳурматли Президент жаноблари, азиз қардошим! Сизни таваллуд айёмингиз муносабати билан чин қалбимдан табриклаган ҳолда, Яратгандан сиз, жаноби олийларига сиҳат-саломатлик ва хотиржамлик тилайман”, деган Эрдўған.
У ўз қутловида глобал синовларга қарши туркий дунёнинг фаровонлиги ва тараққиётини таъминлаш мақсадида икки томонлама ва кўп томонлама платформаларда, хусусан, Туркий давлатлар ташкилоти доирасидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга содиқ қолишини айтган.
“Айни қатъият сиз, азиз биродарим томонидан ҳам баҳам кўрилаётгани менга чексиз мамнуният бағишлайди. Фурсатдан фойдаланиб, сиз, жаноби олийларини таваллуд айёмингиз билан яна бир бор табриклаб, дўст ва қардош ўзбек халқининг тараққиёти ва тинчлиги йўлидаги саъй-ҳаракатларингиз муваффақиятли давом этишини тилаб қоламан”, деган Туркия етакчиси.
Маълумот учун, бугун, 24 июль куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 68 ёшга тўлди. Шавкат Миромонович Мирзиёев 1957 йил 24 июлда Жиззах вилоятининг Зомин туманида шифокор оиласида туғилган. Миллати – ўзбек. Олий маълумотли, 1981 йили Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институтини тугатган. Муҳандис-механик мутахассислигига эга. Техника фанлари номзоди, доцент.
Меҳнат фаолиятини 1981 йилда Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институтида бошлаб, кичик илмий ходим, катта ўқитувчи, доцент, ўқув ишлари бўйича проректор лавозимларида ишлади. 1990 йили Республика Олий Совети депутатлигига сайланиб, айни вақтда Мандат комиссиясининг раиси сифатида ҳам фаолият кўрсатди. 1992 йилда Тошкент шаҳрининг Мирзо Улуғбек тумани ҳокими лавозимига тайинланди. 1996-2001 йилларда Жиззах вилояти ҳокими, 2001-2003 йиллар мобайнида Самарқанд вилояти ҳокими лавозимларида ишлаб, мазкур туман ва вилоятларни ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан ривожлантиришга катта ҳисса қўшди.
Ижро ҳокимиятидаги фаолияти билан бир пайтда 1995-2003 йилларда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг депутати сифатида ҳам мамлакатни сиёсий, ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ҳамда демократик ислоҳотларни амалга ошириш борасидаги муҳим қонун ҳужжатларини ишлаб чиқиш ва қабул қилиш жараёнида фаол иштирок этиб, самарали фаолият олиб борди.
Шавкат Мирзиёев 2003 йилда Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири этиб тасдиқланди ва ушбу лавозимга яна уч марта – 2005, 2010, 2015 йилларда Олий Мажлис палаталари томонидан қайта тасдиқланди.
У 2016, 2021 ва 2023 йилларда бўлиб ўтган президент сайловларида ғалаба қозониб, Ўзбекистон Президенти этиб сайланди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Туркманистон Президенти Сердар Бердимуҳамедов ҳамда унинг отаси, Туркман халқининг миллий етакчиси, Туркманистон Халқ Маслаҳати Раиси Гурбангули Бердимуҳамедов Ўзбекистон раҳбарига табрик йўллаганди. Президент Путин эса ўз қутловида Президент Шавкат Мирзиёев икки мамлакат ўртасидаги кенг қамровли стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини мустаҳкамлашга улкан ҳисса қўшаётганини таъкидлаган. Хитой раҳбари Си Цзиньпин Ўзбекистон билан муносабатларга алоҳида эътибор қаратишини айтди. Алиев ўз табригида Президент Шавкат Мирзиёев олиб бораётган сиёсат туфайли Ўзбекистон ҳар томонлама ривожланиб, барча соҳаларда салмоқли ютуқларга эришгани, иқтисодий салоҳиятини мустаҳкамлаб, халқаро майдонда катта обрў-эътибор қозонганини таъкидлаган.
Live
Барчаси