Эрдўған: Туркия Ливияга ҳарбийлар юборишга тайёр
Олам
−
26 Декабрь 2019
5770Туркия Ливиянинг Миллий бирдамлик ҳукуматидан тегишли сўров бўлса ўз ҳарбийларини ушбу араб мамлакатига юбориш масаласини кўриб чиқишга тайёр. Бу ҳақда Туркия Республикаси Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған Тунисдаги анжуманда маълум қилди.
“Биз ҳеч қачон бошқа бир давлатга ўша мамлакат [ҳукумати] таклифисиз кирмаганмиз. Агар тегишли сўров юборилса, биз уни кўриб чиқамиз”, деган Туркия етакчиси.
Бундан ташқари, Эрдўған Ливияда айни вақтда “Вагнер” хусусий ҳарбий компаниясининг 2 минг нафар жангчиси борлигини айтиб ўтди. Эрдўғаннинг сўзларига кўра, Ливияда Судандан бўлган жангчилар ҳам фаолият юритяпти ва уларнинг сони 5 минг нафардан кўпроқ.
23 декабрь куни Миллий бирдамлик ҳукумати бошлиғи Фаиз Саррож расмий Анқарага ҳарбий ёрдам сўраб мурожаат қилганини тасдиқлади. Ноябрь ойида имзоланган Туркия-Ливия ҳарбий соҳадаги ҳамкорлик бўйича меморандум ушбу давлатга қуруқлик, денгиз ва ҳавода фойдаланиш учун техника, ускуна ва қуроллар етказиб беришни кўзда тутади.
Ҳафтар 12 декабрь куни Триполи учун якуний жангга киришини эълон қилганди. Ундан аввалроқ БМТ махсус вакили Ҳафтар кучлари Триполини эгаллаш арафасида эканини таъкидлаганди.
Эслатиб ўтамиз, Ливиядаги вазиятда Россия Халифа Ҳафтар кучларини қувватлантираётгани иддао қилиняпти. Шунингдек, Чад, Миср, Саудия Арабистони каби давлатлар ҳам у ёки бу тарафни қўллаб-қувватлаяпти.
Ливиядаги вазият
2011 йилда Ливияда Муаммар Қаззофи ҳокимияти ағдарилиб, ўзи ўлдирилгач, мамлакатда сиёсий инқироз бошланган. Ливияда ҳозиргача қўшҳокимиятчилик ҳукм суради.
Шарқда сайланган парламент ҳокимияти ўрнатилган бўлса, Триполи ва ғарбни БМТ ва Европа Иттифоқи кўмагида шакллантирилган Фаиз Саррож бошлиқ Миллий бирдамлик ҳукумати бошқаради.
Шарқдаги ҳукмрон доиралар расмий Триполидан мустақил ва ЛМА қўмондони Ҳафтар билан ҳамкорлик қилади. Халифа Ҳафтар Ливияда жангарилар билан энг узоқ давом этган урушга бошчилик қиляпти.
LiveБарчаси