Эрдўған Путин ва Зеленскийга қўнғироқ қилиб, Каховка фожиаси бўйича таклифни айтди
Олам
−
07 Июнь 2023
8647Бугун, 7 июнь куни Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған россиялик ва украиналик мавқедошлари Владимир Путин ва Владимир Зеленский билан телефон орқали гаплашди ва Каховка ГЭСи атрофидаги вазиятни муҳокама қилиб, ундаги портлашни текшириш учун халқаро комиссия тузишни таклиф қилди. Бу ҳақда Туркия раҳбари идораси хабар берди.
Суҳбатларда Президент Эрдўған Каховка ГЭСидаги портлаш бўйича ҳеч қандай шубҳа бўлмаслиги учун кенг қамровли тергов ўтказиш муҳимлигини таъкидлаган. Унинг айтишича, россиялик ва украиналик экспертлар, БМТ ва халқаро ҳамжамият, жумладан Туркия иштирокида комиссия тузилиши мумкин. Туркия эса бу борада ёрдам беришга тайёр.
Бундан ташқари, томонлар дон шартномасини ҳам муҳокама қилган. Эрдўған Россия ғалла ва ўғитларини экспорт қилиш йўлидаги тўсиқларни бартараф этиш учун БМТ билан маслаҳатлашувларни давом эттиришдан манфаат кўраётганини айтган.
Зеленский билан суҳбатда эса Туркия раҳбари уруш давом этар экан, инсоний йўқотишларнинг олдини олишнинг иложи йўқлигини, шунинг учун музокараларни қайта бошлаш ғояси биринчи ўринда туриши кераклигини таъкидлаган. Шунингдек, у Туркия адолатли тинчлик ўрнатиш учун қатъий саъй-ҳаракатларни давом эттиришини билдирган.
Эслатиб ўтамиз, кеча, 6 июнь куни эрталаб Украинанинг вақтинчалик Россия томонидан эгалланган Херсон вилоятидаги Каховка ГЭСи вайрон бўлганди. Бунинг оқибатида аҳоли яшаш пунктлари сув остида қолди ва Херсон вилоятида фавқулодда ҳолат жорий қилинди. БМТ Хавфсизлик кенгаши ҳам мазкур масалани кўриб чиқди. Киев ва Москва станциядаги портлашда бир-бирини айблади. Россия Тергов қўмитаси Каховка ГЭСи вайрон қилиниши бўйича жиноий иш қўзғатди. НАТО, Европа Кенгаши ва Германия эса портлашда Россиянинг қўли борлигини айтди. Россия ТИВ вакили Мария Захарова эса Украина ГЭСга ҳужум қилишни режа қилганини олдиндан билганини билдирди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь