Эрдўған Путин билан гаплашиб олди

Олам

image

Россия ва Туркия Президентлари Владимир Путин ва Ражаб Тойиб Эрдўған бугун, 24 ноябрь куни телефон орқали мулоқот қилди. Бу ҳақда Кремль хабар берди.

Улар Украинадаги вазият, жумладан, АҚШнинг тинчлик режасини муҳокама қилиш бўйича фикр алмашди.

Мулоқот чоғида Путин Америка томони тақдим этган таклифлар Россия ва АҚШ ўртасида Аляскадаги саммитдаги муҳокамаларга мос келиши ва якуний тинчлик келишувига асос бўлиши мумкинлигини таъкидлади.

Бундан ташқари, Россия Президенти яна бир бор Москва Украина инқирозининг сиёсий ва дипломатик ечимидан манфаатдорлигини билдирди.

Эрдўған, ўз навбатида, музокаралар жараёнига ёрдам беришга ва бу мақсадлар учун Истанбул платформасини тақдим этишга тайёрлигини маълум қилди. 

Давлат раҳбарлари Украина масаласида турли даражадаги Россия-Туркия алоқаларини фаоллаштиришга қарор қилди.

Шунингдек, икки томонлама ҳамкорликнинг долзарб масалалари муҳокама қилиниб, савдо ва сармоявий алоқаларни кенгайтириш, стратегик аҳамиятга эга энергетика лойиҳаларини амалга оширишга алоҳида эътибор қаратилди.

23 ноябрь куни Эрдўған Украинадаги вазият юзасидан Путин билан бўлажак суҳбатни эълон қилди. Бу ҳақда у Жанубий Африкада бўлиб ўтган G20 саммитининг якуний сессияси якунлари бўйича ўтказилган матбуот анжуманида айтиб ўтди. Туркия раҳбари “ғалла йўлаги”ни қайта тиклаш масаласини кўтаришни режалаштиргани маълум қилинди.

19 ноябрь куни Украина Президенти Владимир Зеленский билан учрашувдан сўнг Эрдўған Анқара можарони ҳал қилиш бўйича Истанбулда тўғридан тўғри музокаралар қайта тикланишини қўллаб-қувватлашини билдирди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Давлат думаси Мудофаа қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Алексей Журавлев Россия АҚШнинг Украина билан тинчлик ўрнатиш бўйича янги таклифига рози бўлмаслиги кераклигини айтиб, бу урушнинг ҳақиқий якунига олиб келмайдиган “провокация” эканини билдирганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Кремль Владимир Путин Ражаб Тойиб Эрдўған G20 саммити Украина масаласи тинчлик режаси телефон мулоқоти Истанбул платформаси

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг