Энди “вор в законе”, “смотрящий”, “положенец”лар бўлмайди – Ташиев
Олам
−
03 Январь
15959Бундан буён Қирғизистонда қароқчилар, уюшган жиноий гуруҳ аъзолари, авторитетлар бўлмайди. Бу ҳақда мамлакат Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раиси Қамчибек Ташиев кеча, 2 январь куни Сузоқ тумани ИИБда ўтган тадбирда сўз очган.
Унга кўра, 2023 йилда уюшган жиноий гуруҳлар ва коррупционер мансабдор шахсларга қарши курашиш бўйича катта ишлар амалга оширилган.
“Давлатимиз қонуний, ҳуқуқий ва эркин бўлади. Агар уюшган жиноий гуруҳлар қолган бўлса, 2024 йилда ҳаммасини бутунлай йўқ қиламиз”, дейди Ташиев.
Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раҳбари қонундаги ўғри (вор в законе), “смотрящий”, “положенец” каби тушунчалар энди қўлланилмаслигини қўшимча қилган.
“Бундай сўзлар энди бўлмайди, биз улардан фойдаланишни тўхтатамиз. Озодликдан маҳрум қилиш жойларида тартиб ўрнатамиз”, дейди Қамчибек Ташиев.
У 2023 йилда коррупцияга қарши кураш яхши натижалар берганини қайд этган. Айни пайтда, Қамчибек Ташиевга кўра, давлат идораларидаги коррупцион схемалар деярли йўқ қилинган.
“Бу йўналишдаги ишлар давом этади”, дея хулоса қилган у.
Эслатиб ўтамиз, Ташиев бундан аввал криминал авторитет Қамчибек Кўлбоев (Қамчибек Асанбек) ўлими ортидан ким бош кўтарса, ўша бошни чопишини, мамлакатда жиноятчиликка қарши қатъий кураш бошланганини айтган эди. Коля Қирғиз номи билан танилган халқаро жиноятчи Бишкекда қўлга олинаётганда мамлакат Миллий хавфсизлик ходимлари томонидан отиб ўлдирилганди. Шундан сўнг, Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раҳбари Қамчибек Ташиев Тўқмоқ шаҳрида қўмитанинг янги биноси очилишида қатнашиб, жиноятчиларга қарата “биттаси бош кўтарса, ўша бошни чопиши”ни айтганди. Шундан сўнг Қамчибек Қўлбоев ва Божхона хизмати раҳбарининг собиқ ўринбосари Райимбек Матраимов бошчилигидаги уюшган жиноий гуруҳга алоқадор 180 дан ортиқ мансабдор лавозимидан бўшатилди. Қирғизистонлик таниқли тадбиркор, Марказий универмаг (СУМ) раҳбари Анвар Габбазов (ҳозирги Маметов) халқаро қидирувга берилди. “Коля Қирғиз”га алоқадорликда гумонланиб, “Иттипак” уйғур диаспораси етакчиси ва Бишкекдаги “Мадина” бозори асосчиси Турсунтой Салимов ҳибсга олинди, унинг ўғли Илшат эса қидирувга берилди. Қирғизистон Жогорку Кенеш (парламент)ининг собиқ депутати Борис Саннинг ўғли Александр Сан ҳам қўлга олинди.
LiveБарчаси