Энди Россия Литва вазирини ҳам қидирувга берди
Олам
−
14 Февраль
6160Литва Ташқи ишлар вазирлиги ўлканинг Маданият вазири Симонас Кайрис ва бошқа сиёсатчилар қидирилаётгани муносабати билан Россия Федерациясига норозилик билдирди. Бу ҳақда Республика ташқи сиёсат бошқармаси матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, Симонас Кайрис ҳам Эстония Бош вазири Кая Каллас каби совет аскарлари ёдгорликларини вайрон қилишда айбланмоқда.
Бу ҳолатга эса, Литва томони муносабат билдириб, Россиянинг мамлакатдаги вакилини Ташқи ишлар вазирлигига чақиртирган.
“14 февраль куни Россиянинг Литвадаги элчихонаси вакили Литва Ташқи ишлар вазирлигига чақирилди, унга Россия Федерациясининг литвалик сиёсатчилар, давлат хизматчилари ва бошқа фуқароларини ўзларининг бевосита хизмат вазифаларини бажариш чоғида қабул қилган қарорлари учун қидирувда бўлган шахслар рўйхатига киритиш тўғрисидаги қарорлари муносабати билан кескин норозилик билдирувчи дипломатик нота тақдим этилган”, дейилади ТИВ сайтида эълон қилинган баёнотда.
Литва Ташқи ишлар вазирлиги Россия Федерацияси томонидан кўрилаётган чоралар халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган нормаларига зид деб ҳисоблайди. Шунингдек, вазирлик Москвани мансабдор шахсларни қидирувга бериш қарорини бекор қилишга чақирди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Литва Таълим, фан ва спорт вазири Гинтаутас Якштас қўшни Латвия ва Эстония мисолида ўрта мактабларда рус тилида ўқитишдан босқичма-босқич воз кечишни таклиф қилган эди, жорий йилнинг 7 февраль куни эса Латвия, Литва ва Эстония муваққат ишлар вакиллари Россияда президентлик сайловларини ўтказиш масаласи юзасидан Россия Ташқи ишлар вазирлигига чақиртирилди.