Литва осмонида хавф: НАТО қирувчилари Беларусь дронини йўқ қилди
Олам
−
10:04 602 2 дақиқа
Бугун, 15 сентябрь куни НАТО қирувчи самолётлари Литва ҳаво ҳудудига кирган дронни уриб туширди. Бу ҳақда Литва Президенти Гитанас Науседа маълум қилди.
Ҳодиса мамлакат пойтахти Вильнюс ва унинг атрофида ҳаво хавфи ҳақида огоҳлантириш эълон қилинганидан сўнг юз берган. Литванинг фавқулодда вазиятлар бўйича хизматларининг маълум қилишича, дрон мамлакатнинг марказий-жанубий қисмидаги Каунас шаҳри яқинида жойлашган Праткунай қишлоғи ҳудудида уриб туширилган.
Литва Инқирозларни бошқариш маркази дрон Беларусь ҳудудидан кириб келгани ва ғарб томон ҳаракатланганини билдирган.
“Россиянинг Украинага қарши тажовузи кучайиб бораётган бир пайтда бундай тайёргарлик минтақамиз учун жуда муҳим”, деб ёзган Науседа.
Литва Ташқи ишлар вазири Кястутис Будрис эса мамлакат ҳаво ҳудудини ҳимоя қилишда ёрдам бераётган иттифоқчиларга миннатдорлик билдирган.
“Бу иттифоқчилар бирдамлиги ва қатъиятининг амалдаги энг яхши намунасидир. НАТО ҳушёр, содиқ ва тайёр эканини аниқ намойиш этмоқда”, деган у.
Шу билан бирга, Польша ҳам Россиянинг Украинага қарши дрон ҳужумлари фонида эҳтиёт чораси сифатида ҳарбий-ҳаво кучларини ишга туширган. Кеча, 14 сентябрь куни Польша ҳарбийлари Болтиқ денгизи соҳилида, Русиново қишлоғи яқинида Россияга тегишли бўлиши мумкин бўлган дронни топиб олган.
Польша Мудофаа вазири Владислав Косиняк-Камишнинг айтишича, дастлабки текширувлар топилган дрон Россиянинг ҳарбий учувчисиз аппарати эканини кўрсатган. Ҳарбийлар дрон Gerbera русумдаги аппаратга ўхшашини билдирган. Мазкур дронлар арзон материаллардан тайёрланади ва кўпинча чалғитувчи нишон сифатида қўлланади. Бироқ улар портловчи моддаларни ҳам олиб юриши мумкин.
Маълумот учун, Литва, Латвия ва Эстония Россия билан чегарадош НАТО давлатлари ҳисобланади. Ушбу мамлакатлар ҳудудига Россия Украинага қарши кенг кўламли уруш бошлаганидан бери дронларнинг кириб келиши билан боғлиқ бир неча ҳодиса қайд этилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Россия Президенти Владимир Путин Украинадаги уруш давом этаётган бир пайтда НАТО давлатларидан бирига чекланган ҳужум уюштириб, альянснинг қатъиятини синаб кўриши мумкинлиги ҳақида хабар берилган эди.
Live
Барчаси