Энди автобус бекатларига Wi-Fi ва электрон табло ўрнатилади
Жамият
−
25 Ноябрь 2023
4397Тошкент шаҳрида “ақлли” бекатлар жорий этилади. Бу ҳақда Тошкент шаҳар ҳокимлиги хабар берди.
Унга кўра, бундай замонавий бекатларда йўловчилар мобиль қурилмаларини қувватлантириши учун шароитлар яратилади, бекат Wi-Fi тармоғи билан таъминланади. Шунингдек, одамлар электрон таблода кутилаётган автобус келишига қанча вақт қолганлигини кўриши мумкин бўлади.
Билдирилишича, бекат видеокузатув тизими билан ҳам жиҳозланиши ва эгаллаган ўрнининг кенгайтирилиши ҳам кўзда тутилган.
Бундан ташқари, Муқимий номидаги театр ёнида автомобиллар учун пулли тўхташ жойлари ва электр транспорт воситаларини қувватлантириш жойлари синов тариқасида ташкил қилинади. Аммо велосипед ва самокат фойдаланувчилари учун ушбу тураргоҳдан фойдаланиш бепул бўлади.
“Бу мазкур манзилда йўл бўйида тўхташ жойлари билан боғлиқ вазиятни яхшилаши ва кикшеринг фойдаланувчилари учун қўшимча қулайлик бўлиши кутилмоқда”, дейилади хабарда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкент метрополитенида Face ID технологияси орқали тўловни амалга ошириш синовдан ўтказилганди.
LiveБарчаси