Эмина Эрдўған аш-Шаранинг рафиқаси билан учрашди

Олам

image

Кеча, 4 февраль куни Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўғаннинг рафиқаси Эмина Эрдўған Суриянинг ўтиш даври президенти Аҳмад аш-Шаранинг рафиқаси Латифа ал-Дурубий билан учрашди. Бу ҳақда “Анадолу” хабар берди.

Қайд этилишича, Анқарадаги Давлат меҳмон уйида бўлиб ўтган учрашувда Эмина Эрдўған ва ал-Дурубий инсонпарварлик ёрдами, ижтимоий бирдамлик, аёлларнинг имкониятларини кенгайтириш ва таълимнинг роли ҳақида фикр алмашган.

Шунингдек, Туркия ва Сурия урушдан энг кўп жабрланган аёллар ва болалар учун биргаликда ташлаши мумкин бўлган қадамларни муҳокама қилинган.

Ал-Дурубий Сурияни қайта тиклашда кўрсатган ёрдами учун Туркияга миннатдорчилик билдирди.

Эмина Эрдўған эса ижтимоий тармоқдаги ўз постида шундай ёзди:

“Бугун мамлакатимизга расмий ташриф билан келган Сурия Араб Республикаси Президентининг муҳтарам рафиқаси Латифа Ал-Дурубий хонимни қутлашдан мамнунман. Биз кўплаб муҳим масалалар, хусусан, инсонпарварлик ёрдами, ижтимоий бирдамлик, аёлларнинг имкониятларини кенгайтириш ва бу жараёнларда таълимнинг ўрни каби мавзуларни муҳокама қилиш имконига эга бўлдик. Хусусан, биз бутун дунё бўйлаб урушдан энг кўп жабр кўраётган аёллар ва болалар учун биргаликда амалга оширишимиз мумкин бўлган ишларни муҳокама қилдик”, деди Туркия биринчи хоними.

Унинг сўзларига кўра, Туркия бугун ҳам аввалгидек Сурияни қайта қуриш ва унинг яраларини даволаш жараёнида Сурия халқини қўллаб-қувватламоқда.

“Бизнинг биргаликдаги саъй-ҳаракатларимиз натижаси мустаҳкам тинчлик ва барқарорлик қарор топадиган бахтли келажак бўлишига ишонаман. Умид қиламанки, бу йўлда ташланган ҳар бир қадам минтақа халқлари учун умид бўлади”, дея хулоса қилди Эмина Эрдўған.

Эслатиб ўтамиз, 2024 йил декабрда Сурияда ҳокимиятни эгаллаган Аҳмад аш-Шара (Абу Муҳаммад ал-Жўлоний) жорий йил 29 январь куни мамлакатнинг ўтиш давридаги президенти деб эълон қилинганди. 2 февраль куни у Саудия Арабистонига илк хорижий ташрифини амалга оширди. Мазкур ташриф доирасида у Ар-Риёдда Саудия Арабистони валиаҳд шаҳзодаси ва Бош вазири Муҳаммад бин Салмон Ол Сауд билан учрашди. 3 февраль куни у Макка шаҳрида Умра зиёратини амалга оширди. Унга Каъба эшиклари ҳам очиб берилди. Аш-Шаранинг 2-хорижий сафари Туркияга бўлди.


Мақола муаллифи

Теглар

Сурия Туркия Эмина Эрдўған Латифа ал-Дурубий

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг