Дунё мамлакатларидаги интернет эркинлиги даражаси янгиланди. Ўзбекистон қайси поғонада?
Олам
−
18 Октябрь
6253Дунё мамлакатларининг интернет эркинлиги даражаси бўйича рейтинги янгиланди. Бу ҳақда Freedom House халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилоти эълон қилган “Интернет тармоғидаги эркинлик” (Freedom on the Net) йиллик ҳисоботида сўз боради.
Ҳисобот интернет тармоғининг эркинлиги, қисман эркин ёки умуман эркин эмаслиги сингари 3 та тоифага ажратилган ҳолда 72 та давлатни қамраб олган. 2023 йил июнидан 2024 йил майигача бўлган даврни қамраб олган жорий тадқиқотга кўра, ушбу давлатларнинг 27 тасида интернетдаги эркинлик камайган, 18 тасида эса яхшиланган. Йил давомида энг катта пасайиш Қирғизистонда, ундан кейин Озарбайжон, Беларусь, Ироқ ва Зимбабведа кузатилган.
Озарбайжон, Қозоғистон, Беларусь, Россия, Хитой, Эрон, Мьянма, Саудия Арабистони, Туркия, БАА, Венесуэла ва Вьетнам сингари давлатлар интернет тармоғи эркин бўлмаган давлатлар қаторида қайд этилди. Улар орасида 100 баллик системада 27 балл олган Ўзбекистон ҳам бор.
Хитой ва Мьянма дунёдаги энг ёмон интернет эркинлигига эга давлат сифатида қайд этилган. Интернет эркинлигида пешқадамлар – Исландия ва Эстония бўлди. Шунингдек, улар орасида Арманистон, Франция, Канада, Грузия, Германия, Италия, Япония, Жанубий Африка, АҚШ ва Буюк Британия ҳам бор.
Ҳисоботда қайд этилишича, охирги 14 йил давомида дунё бўйлаб интернет эркинлиги даражаси изчил пасайишда давом этмоқда. Интернетдаги эркинлик даражасига таъсир этувчи асосий сабаблар қаторида сайловларга аралашиш ва интернетда ўз фикр-мулоҳазаларини эркин билдириш учун репрессияларнинг кучайиши келтирилган.
Далилларга кўра, 2023 йилда камида 43 мамлакатда одамлар ўз фикрини билдиргани ва интернетда фаол бўлгани учун ҳужумга учраган ёки ўлдирилган.
Камида 41 мамлакат ҳукуматлари ҳисоботнинг 2023 йил июнидан 2024 йилнинг майигача бўлган давр мобайнида сиёсий, ижтимоий ва диний нутқларни ўз ичига олган веб-сайтларни блоклаган. Мисол учун, Қирғизистонда ҳукумат “Kloop.kg” мустақил ОАВ веб-сайтини қамоқдаги мухолифатчининг ҳибсдаги қийноқлар ҳақидаги иддаолари ҳақида хабар бергани учун блоклади. Кейинроқ расмийлар шохобчани бошқарадиган соябон ташкилотни тўлиқ тугатишни буюрди, бу эса одамларнинг ҳукуматдаги коррупция ва ҳуқуқларнинг бузилишига оид тергов ҳисоботларига киришини янада қисқартирди. Камида 25 мамлакатда ҳукумат бутун ижтимоий медиа ва алоқа платформаларига киришни чеклади.
Маълумот учун, тармоқдаги эркинлик индекси ҳар бир мамлакатнинг интернет эркинлиги даражасини ўлчайди. У халқаро экспертлар билан маслаҳатлашган ҳолда инсон ҳуқуқларига оид кўплаб масалаларни онлайн тарзда қамраб олиш учун ишлаб чиқилган. Интернетдаги эркинлик халқаро инсон ҳуқуқлари стандартларига, хусусан Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясининг 19-моддасига асосланади. Лойиҳа, айниқса, эркин ахборот оқимига эътибор қаратади. Сўз эркинлиги, маълумотлардан фойдаланиш ва шахсий дахлсизлик ҳуқуқларини ҳимоя қилишга ҳаракат қилади. Лойиҳа, шунингдек, маълум бир мамлакатда ҳуқуқларни таъминловчи онлайн муҳит қай даражада таъминланганлигини кўрсатиб беради.
Бу Интернетда инсон ҳуқуқлари бўйича йиллик тадқиқотнинг 14-нашридир. Лойиҳа 72 мамлакатда интернет эркинлигини баҳолайди, бу дунё интернет фойдаланувчиларининг 87 фоизини ташкил қилади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистон мобил интернет тезлиги бўйича дунёнинг 141 мамлакати ичида 91-ўринни эгаллагани хабар қилинганди. Ўзбекистонда жорий йилнинг январь ойида мобил интернет орқали ўртача юклаб олиш тезлиги 26,97 Мбит/с, юклаш тезлиги эса 11,25 Мбит/с ни ташкил қилган. 2023 йилда Ўзбекистон интернет тезлиги бўйича 100 ўринни эгаллаганди.