“Дунё кутган қўнғироқ”. Путин ва Трамп Эрон масаласида суҳбатлашди
Олам
−
08:43 15663 2 дақиқа
Россия Президенти Владимир Путин ва АҚШ Президенти Дональд Трамп ўртасида телефон орқали суҳбат бўлиб ўтди. Бу ҳақда Кремль матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, кеча, 9 март куни кечқурун икки давлат раҳбарлари ўртасида телефон орқали мулоқот бўлиб ўтган. Дональд Трамп Владимир Путинга қўнғироқ қилиб, халқаро вазиятдаги долзарб масалаларни муҳокама қилган. Суҳбатда асосий эътибор Эрон атрофидаги можаро ва АҚШ вакиллари иштирокида олиб борилаётган Украина бўйича уч томонлама музокараларга қаратилган.
Қайд этилишича, суҳбат ишчан, очиқ ва конструктив руҳда ўтган. Россия ва АҚШ Президентлари охирги марта 2025 йилнинг декабрь ойи охирида телефон орқали гаплашган эди. Бу галги суҳбат тахминан бир соат давом этган. Дональд Трамп икки давлат раҳбарлари ўртасидаги бундай мулоқотлар мунтазам бўлиб туриши кераклигини айтган ва ҳар икки томон бунга тайёр эканини билдирган.
Владимир Путин Эрон атрофидаги можарони тезроқ сиёсий-дипломатик йўл билан ҳал қилишга қаратилган бир қатор таклиф ва фикрларни билдирган. Бу таклифлар Форс кўрфази давлатлари раҳбарлари, шунингдек Эрон Президенти Масъуд Пезешкиён ҳамда бошқа мамлакатлар етакчилари билан ўтказилган мулоқотлар натижаларини ҳисобга олган ҳолда айтилган.
Ўз навбатида, Дональд Трамп АҚШ ва Исроил томонидан олиб борилаётган ҳарбий операция доирасидаги вазиятга баҳо берган.
Трамп, шунингдек, Украинадаги можарони имкон қадар тезроқ ўт очишни тўхтатиш орқали ҳал қилишдан манфаатдор эканини яна бир бор таъкидлаган.
Россия томони Дональд Трамп ва унинг жамоаси томонидан амалга оширилаётган воситачилик саъй-ҳаракатларига ижобий баҳо берган. Шу билан бирга, фронт чизиғидаги вазият ҳақида маълумот берилиб, Россия қўшинлари айрим йўналишларда муваффақиятли илгарилаётгани қайд этилган. Бу ҳолат Киевдаги ҳукуматни музокаралар йўлига ўтишга ундаши кераклиги айтилган.
Суҳбат давомида Президентлар Венесуэла масаласини ҳам муҳокама қилиб, айниқса жаҳон нефть бозоридаги вазиятга эътибор қаратган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Россия Президенти Владимир Путин Эроннинг янги Олий раҳбари Мужтабо Хоманаийга унинг сайлангани муносабати билан табрик йўллаганди. Путин Теҳронни “қўллаб-қувватлаши” ва “эронлик дўстлар билан бирдамлигини” билдирган.
Live
Барчаси