Дилфуза Ўролова Боёвут ҳокимлигидан кетди

Жамият

image

2020 йилдан бери Сирдарё вилоятининг Боёвут тумани ҳокими сифатида фаолият кўрсатиб келаётган Дилфуза Жумановна Ўролова бошқа ишга ўтиши муносабати билан лавозимидан озод этилди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги хабар берди.

Бугун, 29 декабрь куни Халқ депутатлари Боёвут тумани Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида ташкилий масала кўрилди ва Дилфуза Ўролова бошқа ишга ўтиши муносабати билан лавозимидан озод этилди.

4 фарзанднинг онаси бўлган Дилфуза Ўролова 2012 йилда – “Шуҳрат” медали билан тақдирланган. Халқ депутатлари Сирдарё вилояти Кенгаши депутати, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси бўлган. 

У 1985-1990 йиллар мобайнида – Гулистон давлат университети талабаси, 1990-2001 йиллар – Сирдарё вилояти Мирзаобод тумани 10-умумий ўрта таълим мактаби ўқитувчиси, 2001-2010 йиллар – Сирдарё вилояти Мирзаобод тумани 10-умумий ўрта таълим мактаби директорининг маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари, директори бўлган. 2010-2015 йиллар мобайнида – Сирдарё вилояти Мирзаобод тумани ҳокимининг ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси лавозимида ишлаган.

2015-2017 йиллар мобайнида – Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати бўлган.

2017-2020 йилларда шу кунга қадар Сирдарё вилояти ҳокимининг ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси лавозимида ишлаган.

2020 йил 18 февраль куни Сирдарёда вилоятида халқ депутатлари Боёвут тумани Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида унинг номзоди туман ҳокимлигига кўрсатилди ва тасдиқланди.

2022 йилда Дилфуза Ўролова Халқ депутатлари туман кенгашига раислик қилишдан воз кечди. У бу ваколатдан воз кечган биринчи ҳоким бўлди.

2024 йилда эса ижтимоий тармоқларда  Дилфуза Ўролованинг фермерлардан бирини кескин ҳақоратлаб, қўл-оёғини боғлатиб, ички ишлар ходимларига топшириб юборгани эшитилган овозли хабар тарқалди. Вилоят ҳокимлиги Одоб-ахлоқ комиссияси томонидан ушбу хатти-ҳаракатлар давлат хизматчиси этикаси ва одоб-ахлоқ қоидаларини бузиш, деб баҳоланган ва ўз навбатида, туман ҳокими ҳолат бўйича тушунтириш бериб, юзага келган вазиятдан пушаймонлигини айтган. Дилфуза Ўроловага нисбатан тегишли тартибда интизомий жазо чораларини кўриш учун вилоят ҳокимига тақдимнома киритилган.

Ўралованинг ўрнига бугун, 29 декабрь куни Ниёз Намозбоевич Хазратқулов Боёвут тумани ҳокими лавозимига тасдиқланди. Ниёз Хазратқулов 1983 йилда Сирдарё туманида таваллуд топган. Ушбу тайинловга қадар Ширин шаҳар ҳокими лавозимида фаолият олиб борган.

Эслатиб ўтамиз, бугун, 29 декабрь куни Дилфуза Йигиталиевна Қамбарова Сирдарё вилоятининг Ширин шаҳри ҳокими лавозимига тасдиқланганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Сирдарё Боёвут Дилфуза Ўролова

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг