Дилфуза Қамбарова Ширинга ҳоким бўлди
Жамият
−
29 Декабрь 6638 2 дақиқа
Бугун, 29 декабрь куни Дилфуза Йигиталиевна Қамбарова Сирдарё вилоятининг Ширин шаҳри ҳокими лавозимига тасдиқланди ва Ўзбекистонда аёл ҳокимлар сони яна биттага ошди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги хабар берди.
Қайд этилишича, Ширин шаҳрида бўлиб ўтаётган Халқ депутатлари Ширин шаҳар кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида яна бир ташкилий масала кўрилган. Шу кунга қадар шаҳар ҳокими вазифасида фаолият олиб борган Ниёз Намозбоевич Ҳазратқулов бошқа ишга ўтиши муносабати билан Ширин шаҳар ҳокими вазифасидан озод этилган. Депутатлар томонидан Дилфуза Йигиталиевна Қамбарова Ширин шаҳар ҳокими лавозимига тасдиқланган.
Маълумот учун, Дилфуза Қамбарова 1975 йилда Гулистон шаҳрида таваллуд топган. Ушбу тайинловга қадар акциядорлик-тижорат Халқ банки Сирдарё вилояти минтақавий маркази Аёллар тадбиркорлигини қўллаб қувватлаш бўйича минтақавий марказ бошлиғи ўринбосари лавозимида фаолият олиб борган.
Қайд этиш жоиз, бугунги кунда Сирдарё вилоятининг Боёвут туманида Дилфуза Ўролова, Бухоро вилоятининг Олот туманида Наргиза Неъматова, Самарқанд вилоятининг Каттақўрғон шаҳрида Гавҳар Алимова, Андижон вилоятининг Бўстон туманида Санобархон Носирова ҳамда ва Тошкент шаҳрининг Яккасарой туманида Нилуфар Оллоберганова ҳоким лавозимида фаолият олиб бормоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Адҳам Жакбаралиевич Қорабоев Янги Наманган тумани ҳокими лавозимига, Музаффар Абдуллаев эса Уйчи тумани ҳокими лавозимига тайинлангани ҳақида хабар берилган эди.
Live
Барчаси