Чеченистонда Путин номидаги университетга дрон ҳужум қилди
Олам
−
29 Октябрь
7366Чеченистоннинг Гудермес шаҳрида дрон ҳужуми оқибатида Владимир Путин номидаги Россия махсус кучлари университети ҳудудидаги бўш турган бинонинг томи ёниб кетди. Бу ҳақда Чеченистон раҳбари Рамзан Қодиров маълум қилди.
“Ёнғин ўчирилган, қурбонлар йўқ. Чеченистондаги нишонларга учувчисиз самолётлар томонидан ҳужум қилингани ҳақида аввалроқ хабарлар бўлмаган. Бинога 6:30 да ҳужум қилинган. Россия махсус кучлари университети фаолияти тўхтатилмади.Тергов органлари ҳодиса юзасидан суриштирув ишларини бошлаб, жиноятга алоқадор шахсларни аниқлашга киришди”, деди Қодиров.
Россия махсус кучлари университети махсус кучлар учун кадрлар тайёрлаш бўйича Россиядаги биринчи ва ягона хусусий таълим муассасасидир. У 2013 йилда ташкил этилган.2024 йил февралида Қодиров махсус кучлар университетига Президент Путин номи берилишини эълон қилган эди. Университет 400 гектардан ортиқ майдонни эгаллайди ва 95 та бино ва иншоотлардан иборат кўп функцияли мажмуа, жумладан, тактик шаҳар, отишма мажмуаси, 2 гектар майдонли сув омбори ва 1600 м узунликдаги учиш-қўниш йўлагини ўз ичига олади.
“2022 йилдан буён махсус ҳарбий операцияда қатнашган ёки қатнашаётган 47 мингдан ортиқ мутахассис Россия махсус кучлари университетида ўқитилди”, дейилади Кремль сайтидаги хабарда.
Мудофаа вазирлиги 29 октябрга ўтар кечаси еттита дрон йўқ қилингани ҳақида хабар берди. Дронлар Белгород, Брянск ва Курск вилоятлари, шунингдек, Қора денгиз устида йўқ қилинган.
Эслатиб ўтамиз, Россиянинг Воронеж вилоятида 27 октябрь куни тунда дронлар иккита корхонага ҳужум қилган, улардан бирида икки ходим жароҳатланганди. Россия қўшинларининг кеча, 28 октябрь куни кечки пайт Украинанинг Харьков шаҳри марказига уюштирган ҳаво ҳужуми вақтида эса Госпром биносига – миллий аҳамиятга эга ёдгорликка, конструктивизм услубидаги меъморий ансамблга тўғридан-тўғри зарба берилди.