Россия UNESCO рўйхатидаги объектга зарба берди
Олам
−
29 Октябрь
2769Россия қўшинларининг кеча, 28 октябрь куни кечки пайт Украинанинг Харьков шаҳри марказига уюштирган ҳаво ҳужуми вақтида Госпром биносига – миллий аҳамиятга эга ёдгорликка, конструктивизм услубидаги меъморий ансамблга тўғридан-тўғри зарба берилди. Бу ҳақда Украина Президенти девони раҳбари Андрей Ермак ўзининг Теlegram саҳифасида маълум қилди.
Харьковдаги Госпром биноси 1920 йилларда қурилган ва биринчи совет осмонўпар биноларидан бири ҳисобланади ҳамда UNESCO'нинг Бутунжаҳон мероси рўйхатига киритилган.
Вилоят ҳарбий маъмурияти бошлиғи Олег Синегубовнинг сўзларига кўра, Россиянинг шаҳар марказига зарбаси оқибатида шифохона ва тураржой бинолари ҳам зарар кўрган. Россия кучлари шаҳарни бошқариладиган ҳаво бомбаларидан ўққа тутган. Ҳарбий бошлиқнинг таъкидлашича, россияликлар ҳар бир харьковлик биладиган шаҳарнинг рамзий белгисига зарба берган.
Шаҳар мэри Игорь Тереховнинг сўзларига кўра, Госпром биносига қилинган ҳужум оқибатида етти киши жабрланган. Терехов, шунингдек, бомбалар келган жойда ёнғин ва тутун ҳақида ҳам хабар берган. Ўз навбатида, Украина Миллий полицияси саккиз киши қурбон бўлганини хабар қилган.
Эслатиб ўтамиз, 27 октябрь куни кечқурун Россия армияси Харьковнинг учта тумани – Шевченковский, Киев ва Салтовскийга бошқариладиган бомбалар билан ҳужум қилганди. Бомбаларнинг асосий таъсири хусусий секторда билиниб, уйларнинг ойналари шикастланганди. Маҳаллий ҳокимиятга кўра, ҳужум оқибатида камида олти киши жароҳатланган. Россия қўшинларининг 28 октябрга ўтар кечаси Харьковга қилган ҳужуми оқибатида эса шаҳарнинг Холодногорск туманида тўққиз қаватли бино вайрон бўлган. Снаряд тураржой биноси ёнига тушиб, юқори қаватлар деворлари ва дераза ойналарига зарар етказган ва ёнғин бошланган. Харьков мэри Игорь Тереховнинг сўзларига кўра, тунда шаҳарнинг ўққа тутилиши оқибатида тўрт киши жабрланган. Кейинроқ Украина фавқулодда вазиятлар давлат хизмати етти киши, жумладан, бир бола жабрлангани ҳақида хабар берганди.