Бюджет пулини оилавий компаниясига ўтказган Фирдавс Абдухолиқовга жазо тайинланди
3-саҳифа
−
21 Февраль 2022
19781Бугун, 21 февраль куни, жиноят ишлари бўйича Чилонзор туман судида Кинематография агентлиги бош директори Фирдавс Абдухолиқовга оид маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишни кўриб чиқиш бўйича суд жараёни ниҳоясига етиб, суд қарори эълон қилинди.
Суд қарорига кўра Фирдавс Абдухолиқов Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 175-8-моддаси (давлат харидлари тўғрисидаги қонунчиликни бузиш) 4-қисмида назарда тутилган маъмурий ҳуқуқбузарликни содир этган деб топилиб, унга базавий ҳисоблаш миқдорининг 30 баравари (8,1 млн сўм) миқдорида жарима жазоси тайинланди.
Ушбу қарор устидан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексда белгиланган тартиб ва муддатда апелляция шикояти ёки протест бериш мумкинлиги маълум қилинади.
“Сабрия” машмашаси
Аввалроқ, Президент Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги “Sevimli” телеканалида эфирга узатилаётган "Сабрия" сериалида ахлоқсиз саҳналар мавжудлиги ва бу жамоатчиликнинг кескин эътирозига сабаб бўлгани ортидан экспертиза тайинланганини эълон қилган эди.
Орадан кўп ўтмай, Президент Шавкат Мирзиёевнинг қизи – Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди Васийлик Кенгаши раиси ўринбосари Саида Мирзиёева ҳам “Сабрия” сериалини танқид қилди ва ҳеч қайси фильмда аёлларга нисбатан бу қадар нафратни кўрмаганини билдирди.
Ушбу масала кун тартибига чиқиши ортидан телеканал продюсери Амира Рашидова ижтимоий тармоқлар орқали муносабат билдириб, “ахлоқсиз” деган айбловни қўйишдан олдин, кесиб олинган кадрнинг якунини тушуниш учун фильмнинг яна 3 дақиқасини кўриш етарли” эканини маълум қилди.
Шундан сўнг, мазкур масалага Ўзбекистон Кинематография агентлиги Бош директори Фирдавс Абдухолиқов ҳам изоҳ берди. Унга кўра, “Сабрия” сериали ҳақиқатан ҳам бадиий ва мазмунан саёз.
Орадан кўп ўтмай, “Sevimli” телеканали Бош директори вазифасини бажарувчи А.Хўжаев ва бош муҳаррир Қ.Сайдалиев лавозимидан озод этилди. Канал Кузатув кенгаши раиси вазифасини бажарувчи этиб жамоатчилик асосида Фирдавс Абдухолиқов сайланди. Шунингдек, шу пайтга қадар ЎзЭОАВМА бош директори лавозимида ишлаб келаётган Ж.Сафоев канал бош директори вазифасига тайинланган.
20 январь оқшомида “Sevimli” телеканали бош продюсери Амира Рашидова яна ижтимоий тармоқлар орқали баёнот билан чиқиб, Президент Шавкат Мирзиёевнинг тўнғич қизи – Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди Васийлик Кенгаши раиси ўринбосари Саида Мирзиёевадан узр сўради.
Шунингдек, Маданият вазири Озодбек Назарбеков ахлоқсизликни телевидениеда тарғиб қилишни давлатга хиёнат сифатида баҳолади.
Кейинроқ, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги Ўзбекистон Кинематография агентлиги “Sevimli” телеканалига давлат буюртмаларини бериб келгани, шунингдек, субсидиялар ажратишда манфаатлар тўқнашувига йўл қўйилганини маълум қилди.
Орадан бир неча кун ўтиб, Бош прокуратура Фирдавс Абдухолиқовга нисбатан маъмурий иш очгани маълум қилинди. Бироқ маҳкама негадир иш судга оширилиб, кўриш бошлангач, ахборот берилгани кутилмаган бўлди.
LiveБарчаси