Бухорода ўқишга киритиш билан боғлиқ фирибгарлик ҳолатлари фош этилди
3-саҳифа
−
26 Январь 2023
5319Бухоро вилояти Ғиждувон туманида танишининг ўғлини 1500 АҚШ доллари эвазига Бухоро давлат университетига ўқишга киритмоқчи бўлган шахс қўлга олинди. Бу ҳақда Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент маълум қилди.
“Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Ғиждувон туман бўлими томонидан ДХХ ва ИИБ ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда, фуқаро Д.С. фуқаро Н.Ҳ.нинг ўғлини гўёки юқори лавозимда ишловчи танишлари ёрдамида Бухоро давлат университетига ўқишга киритиб қўйиш эвазига 1500 АҚШ долларини фирибгарлик йўли билан олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган”, дейилади хабарда.
Шунингдек, Департаментнинг Бухоро вилояти Пастдарғом туман бўлими томонидан ўтказилган терговга қадар текширувда, фуқаро Д.Д. фуқаро О.Ш.ни қўшни Қозоғистон Республикасидаги университетлардан бирига ўқишга киритиб қўйиш эвазига 1 000 АҚШ долларини олганлиги аниқланган.
Маълум бўлишича, айбдор шахс ушбу пуллар ҳисобидан 200 АҚШ доллари ва унга тегишли ҳужжатларни қайтарганлиги процессуал тартибда расмийлаштирилган.
“Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) ва 28, 211-моддаси (пора бериш) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда”, дея қўшимча қилинади хабарда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Наманган вилоятининг Янгиқўрғон туманида фуқаро Д.Ю. фуқаро И.К.нинг қўшни Қирғизистон Республикаси университетидаги ўқишини танишлари орқали Ўзбекистондаги олий таълим муассасаларидан бирига кўчириб беришини айтиб, алдов йўли билан 3 000 АҚШ долларини олгани ҳақида хабар берган эдик.
LiveБарчаси