Бухорода тезкор профилактик тадбирлар бошланди
Жамият
−
08 Апрель
15599Бугун, 8 апрель кунидан бошлаб Бухоро вилоятининг барча ҳудудларида профилактик тадбирларга старт берилди. Бу ҳақда Бухоро вилояти ИИБ Ахборот хизмати хабар қилди.
Қайд этилишича, жиноят ва ҳуқуқбузарликларни барвақт олдини олиш, аҳолини турли кўнгилсиз ҳодисалардан ҳимоя қилиш, ҳуқуқ-тартибот органларининг фавқулодда вазиятларда ўзаро ҳамкорликдаги ҳаракатларини мувофиқлаштириш мақсадида "Хавфсиз ҳудуд" кенг қамровли тезкор ҳамда профилактик тадбирлари ҳаракатга келтирилган.
Бунда асосан одамлар гавжум бўладиган жойлар, бозорлар, савдо комплекслари, истироҳат боғлари ва бошқа шу каби жамоат жойларида хавфсизлик талаблари кучайтирилиб, айрим объектларда махсус-тактик ўқув машғулотлари ўтказилган.
"Шу ўринда фуқаролардан ортиқча ваҳимага берилмасликларини, ОАВ вакилларидан эса асосланмаган хабарларни тарқатмасликларини сўраб қоламиз", дейилади хабарда.
Эслатиб ўтамиз, 28 мартдан бошлаб Тошкентда фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш мақсадида ИИББ ходимлари кучайтирилган тартибда хизмат олиб бораётгани хабар қилинганди. Бугун, 8 апрель куни эса шаҳарда экстремистик радикал гуруҳларга қўшилган фуқароларнинг хонадонларида 45 та тинтув тергов ҳаракатлари ўтказилгани маълум қилинди.