Бухорода сифатсиз дорилар савдосига чек қўйилди
3-саҳифа
−
11 Июль 2025 3131 2 дақиқа
Бухоро вилоятининг Бухоро туманида сифати кафолатланмаган дори воситалари савдосига барҳам берилди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, Бухоро туманида истиқомат қилувчи 40 ёшли фуқаронинг яшаш хонадони ҳамда унга алоқадор бўлган автотранспорт воситаси кўздан кечирилганда, “Имудон”, “Церебролизин”, “Дофамин”, “Маалокс” каби жами 78 номдаги 978 қути сифати кафолатланмаган ва тегишли ҳужжатлари бўлмаган дори воситалари борлиги аниқланиб, процессуал тартибда расмийлаштириб олинди.
Олиб борилган терговга қадар текширув давомида Бухоро шаҳрида яшовчи 63 ёшли шахс унинг жиноий шериги экани аниқланган. ДХХга кўра, агарда ушбу дори воситалари тўхтатиб қолинмаганида улар Бухоро шаҳри, Шофиркон, Пешку ва Ромитан туманларидаги дорихоналар орқали сотувга чиқиб кетган бўлар эди.
Ҳолат юзасидан мазкур фуқароларга нисбатан Жиноят кодексининг 25,1863-моддаси (Сифатсиз ёки қалбакилаштирилган дори воситаларини ёхуд тиббий буюмларни ўтказиш мақсадида ишлаб чиқариш, тайёрлаш, олиш, сақлаш, ташиш ёки ўтказиш, дори воситаларини ёки тиббий буюмларни дорихоналардан ва уларнинг филиалларидан ташқарида реализация қилиш, шунингдек таркибида кучли таъсир қилувчи моддалар мавжуд бўлган дори воситаларини рецепт бўйича чакана реализация қилиш тартибини бузиш) 2-қисми “б” банди билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Маълумот учун, “Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги маркази” ДМ хулосасига кўра, ушбу дори воситаларининг 32 номдагиси давлат реестрида қайд этилмагани, 57 номдагисига мувофиқлик сертификатлари расмийлаштирилмагани, 6 номдагиси сифатсизлиги ҳамда 4 номдагиси қалбакилаштирилгани, шунингдек, сақлаш шароитларига амал қилинмагани сабабли уларни Ўзбекистонда сотиш, сақлаш ва амалиётида қўллаш тақиқланади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкент вилоятида қўлбола усулда тайёрланган, сифатсиз дори маҳсулотларини сотмоқчи бўлган шахс қўлга олинганди.
Live
Барчаси