Бухорода одамни оёғидан осганлар жазоланди (видео)
3-саҳифа
−
14 Февраль 8838 1 дақиқа
Бухоро вилоятининг Пешку туманида одамни оёғидан осиб қўйиб видео олганлар жазоланди. Бу ҳақда Бухоро вилояти Ички ишлар бошқармаси хабар берди.
Маълум бўлишича, ушбу видео Instagram ижтимоий тармоғидаги канал эгаси ва умумий овқатлар шахобчаси эгалари томонидан ўзаро келишилган ҳолда мижозларни жалб қилиш ва ижтимоий тармоқларда машҳурликка эришиш мақсадида саҳналаштирилган. Тасвирларда фуқаронинг оёқларидан осиб қўйилгани ва қассоб ролидаги шахснинг унинг атрофида пичоқ чархлаб тургани акс этган.
Шунингдек, видеода инсон шаъни ва қадр-қимматини камситувчи ахлоқий меъёрларга зид бўлган иборалар ишлатилган. Бундан ташқари, “Реклама тўғрисида”ги қонунчилик талаблари ва жамиятда юриш-туриш қоидаларини қўпол равишда бузган.
Тўпланган ҳужжатлар жиноят ишлари бўйича Пешку туман судида кўриб чиқилган. Унга кўра, ҳуқуқбузарларга нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 178-1-моддаси (“Реклама тўғрисида”ги қонунчиликни бузиш) билан айбли деб топилиб, базавий ҳисоблаш миқдорининг 7 баробари ( 2 млн 824 минг сўм) миқдорда жарима жазоси тайинланган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Бухоро вилоятининг Пешку туманида 290 гектар ер майдонини 600 минг долларга сотмоқчи бўлган тадбиркор ушлангани ҳақида хабар берилганди.
Жавоҳир Алиқулов
Live
Барчаси