Бухорода тадбиркор 600 минг доллар пора билан қўлга тушди
3-саҳифа
−
09:18 4742 1 дақиқа
Бухоро вилоятининг Пешку туманида 290 гектар ер майдонини 600 минг долларга сотмоқчи бўлган тадбиркор ушланди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати (ДХХ) хабар берди.
Маълум бўлишича, Сирдарё вилоятининг Сирдарё туманида яшовчи, 1973 йилда туғилган хусусий тадбиркор Бухоро вилоятининг Пешку тумани ҳудудидаги олтин ва бошқа қимматбаҳо металларга эга бўлган давлат захирасидаги 290 гектар ер майдонини сотмоқчи бўлган. Тадбиркор ўзининг мансабдор танишлари ёрдамида аукцион савдолари орқали олиб беришни ваъда қилиб, Шофиркон туманида истиқомат қилувчи, 1983 йилда туғилган фуқародан 600 минг АҚШ доллари сўраган.
ДХХ нинг Бухоро вилояти бўйича бошқармаси ва Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда муқаддам фирибгарлик жинояти учун бир неча маротаба судланган мазкур шахс олдиндан 230 минг АҚШ доллари ва 840 млн сўм олган пайтда ашёвий далиллар билан ушланган.
Ҳолат юзасидан ушбу шахсга нисбатан Жиноят кодексининг 25-168-моддаси (фирибгарлик) 4-қисми “а” банди ва 28-211-моддаси (пора бериш) 3-қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилиб, “қамоқ” эҳтиёт чораси қўлланилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Наманган вилоятининг Поп туманида давлат захирасидаги 90 сотих ерни 4500 АҚШ долларига сотмоқчи бўлган ҳоким ёрдамчиси ушлангани ҳақида хабар берилганди.
Жавоҳир Алиқулов
Live
Барчаси