Бугунгача Ўзбекистонда “Помидор жигарранг бужмайиш вируси“ аниқланмаган – ”Ўздавкарантин"
Жамият
−
14 Декабрь 2020
9539Сўнгги кунларда нафақат Ўзбекистондаги, балки хорижий ОАВда Россия Федерацияси томонидан Ўзбекистоннинг Фарғона, Қашқадарё ҳамда Навоий вилоятларига экспорт учун тақиқ қўйилгани ва бунга “Помидор жигарранг бужмайиш вируси касаллиги” сабаб бўлгани муҳокамалар марказида бўлиб, мазкур тақиқлар хусусида турли хил фикрлар билдирилмоқда.
Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўсимликлар карантини давлат инспекцияси мазкур вирус масаласига ойдинлик киритиш мақсадида баёнот берди.
Қайд этилишича, “помидор жигарранг бужмайиш вируси касаллиги” билан боғлиқ хабар эълон қилинганидан сўнг, “Ўздавкарантин” инспекцияси ходимлари томонидан “Долзарб 15 кунлик” чора-тадбирлар тезкор режаси ишлаб чиқилган.
Шунингдек, “Россельхознадзор” вакиллари билан музокаралар ўтказилиб, уларнинг тажрибавий тавсиялари инобатга олинган.
Ҳозирги кунда, республика ҳудудига помидор ва қалампир маҳсулотларининг уруғлари олиб кирилиши тўлиқ чекланган бўлиб, “Ўздавкарантин” инспекцияси томонидан мазкур уруғликларни экспорт қилувчи давлатлар билан музокаралар олиб борилмоқда.
Республиканинг барча ҳудудида етиштириладиган помидор маҳсулотидан намуналар олиниб, Марказий карантин лабораториясида ўрганилмоқда.
“Долзарб 15 кунлик” доирасида Республиканинг Қашқадарё, Навоий, Фарғона ҳамда бошқа ҳудудларида помидор ва қалампир экилган ҳар бир иссиқхонанинг жойлашган ўрни, майдони, тури ва фитосанитар тозалиги тўғрисидаги маълумотномаси, яъни паспорти Инспекция ходимлари томонидан шакллантирилди ва давомли қатъий фитосанитар назорат ўрнатилди.
“Ўрганиш ва таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, бугунги кунга қадар Республика ҳудудида мазкур вирус аниқланмаган.
Шу билан бир қаторда, ҳозирги кунда, республиканинг вирусдан холи эканлигини тасдиқлаш мақсадида ҳар бир ҳудуд кесимида етиштирувчилар, яъни иссиқхоналар рўйхати шакллантирилиб, масала юзасидан ўтказилаётган музокаралар доирасида “Россельхознадзор”га тақдим этилиб, кўйилган вақтинчалик чекловларни бекор қилиш бўйича зарур чоралар кўрилмоқда.
Капр кўнғизи борасида ҳам 4 декабрдан бошлаб республика бўйлаб фитосанитар назорат кўчайтирилиб, зарарсизлантириш чоралари кўрилмоқда.
Тадбиркор, фермер ҳамда деҳқонлар, маҳсулот етиштирилувчи дала, боғ, иссиқхона, қадоқлаш цехларида турли хилдаги касаллик аломатларини кўрганларида, “Ўздавкарантин” инспекциясининг ишонч рақами (71 202 10 00)га мурожаат этишлари сўралади”, дейилади “Ўздавкарантин” инспекцияси Ахборот хизмати баёнотида.
Экспертларни тақдимотларига кўра, Tomato brown rugose fruit virus – “Помидор жигарранг бужмайиш вируси касаллиги” янги ва жуда кам ўрганилган вирус бўлиб, фақатгина 2020 йил сентябрь ойида Европа ва Ўрта ер денгизи ўсимликлар карантини ва ҳимояси А2 рўйхатига қўшилган. Қайд этиш керакки, ушбу касаллик уруғлар, вирус теккан асбоблар, кийимлар, механик воситалар орқали ва экинларнинг чангланиши вақтида ҳам тарқалиши мумкин. Жигарранг вирус касаллигига чидамли помидор навлари шу кунгача ишлаб чиқилмаган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ “Россельхознадзор”Фарғонадан барча турдаги ўсимлик маҳсулотлари, Қашқадарёдан эса помидор ва қалампир импортига тақиқ қўйганди.
LiveБарчаси