Россиянинг тақиқлари ЖСТга аъзоликни тезлаштириш кераклигини эслатади – Бекмуродов

Жамият

image

Хабарингиз бор, шу кунларда “Россельхознадзор” томонидан Ўзбекистонда етиштириладиган бир қанча қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини Россия ҳудудига олиб кириш бўйича кетма-кет тақиқлар ўрнатилмоқда. Хўш, бу Ўзбекистоннинг иқтисодиётига, экспорт ҳажмига қандай таъсир ўтказади? Бу ҳақда “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати раиси – Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Бобур Бекмуродов ўз фикрларини билдириб ўтди.

Унга кўра, ҳар хил важлар билан Ўзбекистонда етиштирилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг импортига тақиқ қўйилиши мамлакат экспорт ҳажмига жиддий таъсир ўтказмайди.

“Россельхознадзор” томонидан вирус аниқланганлиги важи билан Фарғона, Навоий ва Қашқадарё вилоятларида етиштирилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларига импорт тақиқининг қўйилиши республика экспорт ҳажмларига жиддий таъсир ўтказмайди”, деб ёзади Бекмуродов.

“Юксалиш” раисига кўра, кун тартибида турган ушбу масала Ўзбекистоннинг йиллар давомида ортга суриб келинаётган, аммо иқтисодий имкониятларини шубҳасиз ошириши мумкин бўлган қатъий қадами – Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлишини теклаштириш кераклигини англатади. 

“Аммо, бугун дунёдаги геосиёсий ва геоиқтисодий жараёнлар ўзгарувчан характерга эга. Бундай ҳаракатлар ташқи бозорларимизни диверсификациялашга жиддий эътибор қаратиш ва Жаҳон савдо ташкилотига аъзоликни тезлаштириш лозимлигини яна бир бор эслатмоқда”, деб ёзади депутат.

Маълумот ўрнида, Ўзбекистон Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Сенати Ўзбекистоннинг Россия бошчилигидаги ЕОИИга кузатувчи сифатида аъзо бўлишини маъқуллаган.  Россия Саноат ва савдо вазирлиги департамент директори Михаил Анисимов Ўзбекистон декабрь ойида Евроосиё иқтисодий иттифоқида (ЕОИИ) кузатувчи-давлат мақомини олишини маълум қилган.

Эслатиб ўтамиз, аввалига жорий йилнинг 26 ноябрь куни Россия Фарғона вилоятида етиштирилган помидор ва қалампир маҳсулотларини мамлакат ҳудудига киритишни тақиқлади. Шундан сўнг, маҳсулотларда вирус аниқланди, деган важ билан “Россельхознадзор” Қашқадарёда етиштирилган икки турдаги маҳсулот – помидор ва қалампирнинг Россия ҳудудига олиб кирилишига тақиқ ўрнатди. Шунингдек, Россия Ўзбекистондан келган қуритилган ўрик партиясида хапра қўнғизи аниқлангани сабабли, Фарғона вилоятидан барча турдаги ўсимлик маҳсулотларини олиб киришни тақиқлаган. 4 декабрь куни Навоий вилоятидан келтириладиган помидорларнинг импортига ҳам тақиқ ўрнатилган.


Мақола муаллифи

Теглар

ЖСТ ЕОИИ Бекмуродов

Баҳолаганлар

271

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг