Бу сизга трали вали эмас! Ўзбекистонда скутер ва велосипедга ҳам чеклов ўрнатилди
Жамият
−
05 Апрель 2020
24265Маълумки, Ўзбекистон Республикасига коронавируснинг кириб келиши ва тарқалишини олдини олиш юзасидан чора-тадбирлар дастурини тайёрлаш бўйича республика махсус комиссиясининг жорий йил 28 мартдаги қарорига кўра, 30 март соат 06:00 дан 20 апрель соат 00:01 га қадар вилоятлараро, Тошкент ва Нукус шаҳарлари ҳамда вилоятлар марказларида Давлат хизматлари марказлари томонидан бериладиган махсус рухсатнома (стикер)ларсиз автомобиль бошқариш тақиқланди.
Ушбу қарор қабул қилингач, кўпчилик Давлат хизматлари марказларидан махсус рухсатнома (стикер) олишга муваффақ бўлди. Яна кўпчилик стикер учун етарли сабаб ва важ келтириб беролмагани учун ундан бебаҳра қолди. Айримлар эса мамлакатда коронавирус хавфи сабаб ўрнатилаётган чекловларни кўнгилхушликка айлантиришда давом этмоқда. Стикер ололмаганларнинг кўп қисми кўчаларда велосипед ва мототранспорт (скутер)да ҳаракатланишда давом этмоқда. Энди бу ҳам чекланади.
Ўзбекистон Республикасига коронавируснинг кириб келиши ва тарқалишини олдини олиш юзасидан чора-тадбирлар дастурини тайёрлаш бўйича республика махсус комиссияси 4 апрелдаги қарорига биноан Тошкент ва Нукус шаҳарлари ҳамда вилоят марказларида 2020 йил 6 апрель соат 06-00 дан эътиборан мототранспорт (скутер) ҳамда велосипедда ҳаракатланиш карантин даврида вақтинча чекланади.
Бунда фақатгина ҳаётий зарур эҳтиёжлар – озиқ-овқат, дори-дармон, тиббий буюм ва воситалар харид қилиш, шифокор кўригига мурожаат этиш, шунингдек, иш жойига бориш ва келиш учун рухсат этилади.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда коронавирусни юқтириб олиш билан боғлиқ илк ҳолат жорий йилнинг 15 март куни қайд этилган эди. Айни вақтгача коронавирусга чалинганлар 266 нафарга етди. Уларнинг 25 нафари даволанди, 2 нафари вафот этди.
Қадрли юртдошлар, карантин даврида зарурат бўлмаса, кўчага чиқманг. Вақтни оилангиз, фарзандларингиз даврасида ўтказинг. Унутманг, #UydaHayotBor