Бу ҳақиқий провокацион савол, гап тамом! – Алламжонов
Жамият
−
13 Ноябрь 2019
14430Нафосат Оллошукуровага руҳий бузилиш ва тушкунлик диагнози қўйилгани айтилди. Бу диагноз ижтимоий тармоқларда бежиз норозиликларга сабаб бўлаётгани йўқ. Уни исталган одамга қўйиш эҳтимоли бор. Исталган кишига танқидий чиқишлари учун шу диагнозни қўйиш эҳтимоли мавжуд эмасми? Ўзбекистонда расман аккредитациядан ўтган BBC нашрида ҳам яна ССР давридаги психиатр жазо чоралари қайтяптими деган таҳлилий мақола эълон қилинди. Жамоатчиликни, жумладан мени ҳам ўйлантираётган масала – эртага қайсидир журналист, қайсидир блогер Ҳукуматга ёки қайсидир идораларга ёқмайдиган чиқишлари учун осонгина тушкунлик, руҳиятида бузилиш бор деб психиатрик шифохонага жойлаштириб қўйилиши эҳтимоли мавжуд эмасми?
Бу савол кеча, 12 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида бўлиб ўтган Матбуот анжуманида ўртага ташланди. Журналист Жамшид Ниёзовнинг юқоридаги саволига агентлик директори Комилжон Алламжонов қуйидагича жавоб қайтарди:
“Сизнинг фикрингиздан келиб чиқяптики, сиз бугунги мутахассисларимиз, бугунги давлат органларининг фаолиятига умуман ишонмайсиз. Тўғрими?
Агар фақат агентлик ўтказаётган тадбир бўлса, агентлик мутахассис эмас, десангиз бўларди. Бу ерда Олий суддан, Ички ишлар вазирлигидан мутахассислар ўз йўналиши бўйича жавоб берди. Бу нарсаларни Омбудсман назорат қилиб турибди. Оммавий ахборот воситаларини очиқчасига таклиф қилиб, очиқчасига эълон қилиняпти. Сизнинг асосланган, ҳужжатланган, кўргазмали тушунтиришлардан кейин берган бу саволингиз, албатта, бу – ғалати.
Нимага ғалати? Сиз ўзингизнинг шахсий фикрингиз, ишончсизлигингизни билдиряпсиз, бу сизнинг фикрингиз, сизнинг ҳуқуқингиз. Лекин мен ҳозир кимга сўз беришни ҳам билмаяпманки, ҳозир ким бу ерда жавоб бериши мумкинки, “ҳа, бизда эртага танқид қилсанг, сен ҳам шу ҳолатга тушишинг мумкин”, деб ким гапиради буни? Аслида ҳолат бундай эмаслигини кўриб турибсиз. Кейин танқидни фақат Нафосат Оллошукурова қилмаяпти. Агар танқид қилгани учун бундай шифохонага ётқизилган бўлганда, сиз танқидлар бўйича чемпионсиз. Сиз қилган танқидларда мен ҳам, агентлигимиз ҳам қолмаган. Умуман сиз тегмаган соҳа йўқ. Мана, бинойидек ўтирибсиз, ҳеч ким сизга эътироз билдираётгани йўқ.
Нимага Оллошукурова шифохонага ётқизилганларидан кейин зудлик билан бермадик бу мисолларни. Масалан, мен очиғини айтаман, Нафосат Оллошукуровани мен танимасдим. Уларнинг фаол блогер эканларини мана шу ҳолат бўлганидан кейин яхши таниб олдик. Агарда сизнинг фикрингиз шунақа бўлса, танқидий мақолалари учун бу нарсага дуч келди, танқид қиладиган одам эртага Ўзбекистонда совет давридан қолган ҳолатлар қайтяпти деган фикрни илгари сурсангиз, мен фақатгина минг афсус дейман. Минг афсус! Эсиз бизнинг меҳнатимиз, эсиз агентлик ҳимоя қилади, деб ўтказаётган тадбирларимиз, эсиз қонунчиликка киритаётган ўзгаришларимиз. Битта ҳолат йўқки, бир назоратимиздан, назаримиздан четда қолдирган бўлсак.
Нега бизга Президент Администрацияси ҳузуридаги агентлик мақоми берилди? Чунки муаммо жуда кўп. Босимлар бўлаётганини биламиз. Давлат органлари томонидан танқидни кўтара олмаётган ҳолатлар бўлаётганини биламиз. Буни тан оляпмиз. Яқинда OSCE’нинг элчилари келганда ҳам буни очиқчасига айтдим. Агар менинг маърузамни эшитган бўлсангиз, сизга қизиқ бўлган бўлса, ўша ерда ҳаммасини гапирдим. Лекин илтимос қиламанки, ўртоқ Kun.uz мухбири Жамшиджон провокацион саволлардан йироқ бўлишингизни. Бу ҳақиқий провокацион савол, гап тамом!”
Эслатиб ўтамиз, матбуот анжуманида Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) Улуғбек Муҳаммадиев ва блогер Нафосат Оллошукурованинг адвокати Умидбек Давлетов иштирок этиб, Оллошукурованинг бугунги аҳволи ҳақида маълумот берди.
Блогер Нафосат Оллошукурова жорий йилнинг сентябрь ойларида тарқалган норозилик видеоси орқали эътиборга тушган эди. Кўп ўтмай 23 сентябрь куни Хоразм вилояти Ички ишлар бошқармаси томонидан (Шабнам) Нафосат Оллашукуровага маъмурий иш қўзғатилиб, МЖтКнинг 183, 194, 195 ва 202-моддалари билан 10 суткадан маъмурий қамоқ жазоси тайинланди.
26 сентябрь куни Оллашукурова маъмурий қамоқ жазосини ўтаётган пайтида рухиятида ўзгаришлар сезилганлиги учун тез тиббий ёрдам чақиртирилиб, психиатрнинг тавсияси билан уни Хоразм вилояти руҳий асаб касалликлари диспансерида кўрикдан ўтказиш учун олиб кетилган. У ҳозиргача диспансерда қолмоқда.
LiveБарчаси