Брюсселда Украина бўйича ЕИ саммити бошланди
Олам
−
20 Март
1540Бугун, 20 март куни Бельгия пойтахти Брюсселда 27 давлат етакчилари иштирокида Европа Иттифоқи саммити бошланди. Бу ҳақда “Deutsche Welle” хабар берди.
Қайд этилишича, ЕИ мамлакатлари Россия босқинига қарши курашаётган Украинани қўллаб-қувватлаш масаласини муҳокама қилмоқда. Бу жараён АҚШ Президенти Дональд Трампнинг Киевга босим ўтказиши фонида давом этмоқда. Саммит кун тартибига, шунингдек, Европа иқтисодиётининг рақобатбардошлигини таъминлаш бўйича чора-тадбирлар, Исроилнинг Ғазо секторида ҳарбий операцияни қайта бошлаши, Евроиттифоқнинг навбатдаги узоқ муддатли бюджети ҳамда АҚШнинг камайиб бораётган қўллаб-қувватлаши шароитида ЕИ мудофаа салоҳияти масалалари киритилган.
ЕИнинг ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича олий вакили Кая Каллас юқори даражадаги учрашув давомида Украина учун 2 миллион дона артиллерия снаряди сотиб олиш бўйича келишувга эришишга умид қилаётганини билдирган. Бир неча кун олдин эса ЕИ Кенгаши йиғилишида у Киевга 20-40 миллиард евро миқдорида ҳарбий ёрдам ажратиш учун етарлича қўллаб-қувватлов ололмаганди.
Шунингдек, Европа Иттифоқи давлатлари ҳарбий харажатлар таърифини қайта кўриб чиқишни режалаштирмоқда.
Саммитда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котиби Антониу Гутерриш, шунингдек, Украина Президенти Владимир Зеленскийнинг видеоалоқа орқали иштирок этиши кутилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, 6 март куни Украина бўйича Европа Иттифоқининг махсус саммити бўлиб ўтган эди. Саммитда Европа Иттифоқи раҳбарлари консенсусга эришишга ҳаракат қилди, ЕИ элчилари йиғилиш бошланишига қадар бир неча ҳафта давомида умумий баёнот матни устида бирга ишлади, кўплаб дипломатлар овоз беришга ижодий ёндашиш ва “конструктив тийилиш”га умид билдирди, бироқ Виктор Орбан вакили бўлган Венгрия қатъийлигича қолди. Венгрия раҳбари Европа Иттифоқининг Украина бўйича позициясидан узоқлашди ва баёнот 27 эмас, 26 ҳукумат ва давлат раҳбари томонидан қабул қилинди. Саммит хулосалари матнига Украина орқали газ транзити бўйича банд қўшиш орқали Словакия билан муроса топилди.
LiveБарчаси
24 Март
Дўрмонга ўт кетди.
24 Март