Британия Ўзбекистон ва Қозоғистон компанияларини “қора рўйхат”га киритди
Олам
−
07 Ноябрь
8017Бугун, 7 ноябрь куни Буюк Британия ҳукуматининг янгиланган санкциялар рўйхатига Ўзбекистон ва Қозоғистоннинг бир нечта компаниялари ҳам қўшилди. Бу ҳақда қироллик ҳукуматининг санкциялар бўйича саҳифасида келтирилган.
Жумладан, МДҲ мамлакатларида фаолият юритаётган StanexGroup холдинги таркибига кирувчи Uzstanex LLP компанияси санкцияга учраган. Компания Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистонда дастгоҳларни сотиш ва созлаш билан шуғулланади. Британия ҳукумати Uzstanex LLP нега санкцияга дучор бўлганини компания Украинани беқарорлаштириш ёки унинг ҳудудий яхлитлиги, суверенитети ёки мустақиллигига путур етказишда иштирок этган, молиявий хизматлар кўрсатган ёки Украинанинг беқарорлашувига ёки унинг ҳудудий яхлитлиги, суверенитети ёки мустақиллигига путур етказиши мумкин бўлган маблағлар, иқтисодий ресурслар, товарлар ёки технологияларни тақдим этган мазмунидаги важларни сабаб қилиб кўрсатган.
Шунингдек, Буюк Британия худди шундай асос билан Қозоғистоннинг CPS Energy LLP, ТОО TawKZ ва Rabadaziya LLP каби компанияларига қарши санкциялар киритган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ АҚШ ҳам Ўзбекистондаги иккита компания – Uzstanex ва The Elite Investment Group'ни санкциялар рўйхатига киритганди. Савдо ташкилотларининг ягона давлат реестрига кўра, Uzstanex 2018 йил июль ойида рўйхатдан ўтган ва механик дастгоҳларнинг улгуржи савдоси билан шуғулланади. Тошкент шаҳрининг Яшнобод туманида жойлашган компаниянинг устав фонди 65 миллион сўмни ташкил этади. Фирманинг ягона таъсисчиси – Василий Виталевич Абрамов, унинг директори – Дмитрий Александрович Бойсов.