Британия Трамп кетгач, Фаластинни тан олади – ОАВ
Олам
−
18 Сентябрь 5627 2 дақиқа
Буюк Британия ҳукумати Фаластинни мустақил давлат сифатида АҚШ Президенти Дональд Трампнинг қиролликка давлат ташрифи тугагандан кейин тан олади. Бу ҳақда “The Times” хабар берди.
Манбага кўра, Бош вазир Кир Стармер Фаластинни тан олиш масаласини Трамп кетгунига қадар ортга сурган, чунки бу мавзу 18 сентябрга режалаштирилган қўшма матбуот анжуманида асосий масалага айланишидан хавотирланган. У Трампнинг олдида Фаластин мавзусини кўтаришни ўзига эп кўрмаган.
АҚШ маъмурияти Фаластинни расмий тан олишга қатъий қарши. “Reuters” нашрининг қайд этишича, бу масала Лондон ва Вашингтон ўртасидаги муносабатларни мураккаблаштириши мумкин.
Нашр маълумотига кўра, Лондон Фаластинни тан олиш ҳақида қарорни БМТ Бош ассамблеясининг Нью-Йоркда бўлиб ўтадиган сессияси бошланишидан олдин эълон қилиши кутилмоқда. Худди шу йиғилишда Франция, Канада ва Австралия ҳам Фаластинни тан олиши мумкин.
Июль охирида Стармер Исроил Ғазода ўт очишни тўхтатиш бўйича чора кўрмаса, Британия сентябрь ойида Фаластинни тан олишини билдирган эди. Исроил ҳарбий ҳаракатларни кенгайтиргани фонида Британия Ташқи ишлар вазирлиги бу ниятни тасдиқлаган.
Бугунги кунда БМТга аъзо 190 мамлакатдан 140 дан ортиғи Фаластинни суверен давлат сифатида тан олган. Британия ҳукумати эса бу қадамни узоқ муддатли тинчликка эришишда муҳим деб билади. Исроил эса, ўз навбатида, агар Лондон Фаластинни тан олса, Буюк Британия билан мудофаа ва хавфсизлик соҳасидаги ҳамкорликни тўхтатиши мумкинлигини билдирган.
Маълумот учун, Дональд Трамп ва унинг рафиқаси Мелания 16 сентябрь куни Британияга уч кунлик давлат ташрифини бошлаган, у 18 сентябрда якунланади.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг август ойида Австралия Бош вазири Энтони Альбанезе Фаластинни тан олишни сентябрь ойида Бош ассамблея йиғилишида эълон қилишини билдирганди.
Шунингдек, Франция Президенти Эммануэль Макрон ҳам июлда БМТ Бош ассамблеясида Фаластинни тан олишга тайёрлигини билдирган эди.
Бундан ташқари, Бельгия, Португалия, Канада ва Мальта каби Ғарб давлатлари ҳам Фаластинни тан олиш ниятида эканини маълум қилган. Уларнинг аксарияти буни яқинда бўладиган БМТ Бош ассамблеясида амалга оширмоқчи.