Австралия ҳам Фаластинни тан олмоқчи
Олам
−
11 Август 2119 2 дақиқа
Шу йилнинг сентябрь ойида бўлиб ўтадиган БМТ Бош Ассамблеясида Австралия ҳам “Фаластин халқининг ўз давлатига бўлган ҳуқуқини” расман тан олади. Бу ҳақда Бош вазир Энтони Альбанезе бугун, 11 август куни баёнот берди
“Исроил ва Фаластин давлатчилиги барқарор бўлмагунча, тинчлик фақат вақтинчалик бўлиши мумкин”, деди у.
Альбанезенинг сўзларига кўра, Фаластин миллий маъмурияти вакиллари уни “ҲАМАС ҳаракати бўлажак Фаластин давлатида ҳеч қандай ролга эга бўлмайди”, деб ишонтирган.
БМТга аъзо 150 га яқин давлат Фаластин ҳудудларини мустақил Фаластин давлати сифатида тан олади. Бу давлатлар қаторида Европа Иттифоқига аъзо Ирландия ва Испания ҳам бор.
Франция Президенти Эммануэль Макрон мамлакати жорий йилнинг кузида Фаластин давлатчилигини тан олиш ниятида эканлигини маълум қилди. Канада ҳам шунга ўхшаш режаларини эълон қилди. Британия Бош вазири Кир Стармернинг баёнотларига қараганда, унинг мамлакати ҳам бундай қадамни истисно этмайди.
Германия ҳукумати эса Яқин Шарқ можаросини минтақада икки давлат мавжудлиги орқали ҳал этиш тарафдори. Бироқ Берлиннинг позицияси шундан иборатки, мустақил Фаластин давлатини яратиш ва уни халқаро ҳуқуқ нуқтаи назаридан тан олиш фақат музокаралар жараёни натижасида мумкин. Шу билан бирга, томонлар ўртасидаги қарама-қаршиликларнинг кўплиги сабабли бугунги кунда бундай музокараларда муросага эришиш деярли мумкин эмас.
Live
Барчаси