Ғазодаги вазият яхшиланмаса, Лондон Фаластинни тан олади (видео)

Олам

image

Буюк Британия сентябрь ойида бўлиб ўтадиган БМТ Бош Ассамблеяси чоғида Исроил ҳукумати “Ғазодаги даҳшатли вазиятга барҳам бериш учун муҳим қадамлар қўймаса ва узоқ муддатли барқарор тинчликка эришиш мажбуриятини олмаса”, шу жумладан, маҳаллий аҳолига инсонпарварлик ёрдамини етказиб беришни қайта тикласа, Фаластин давлатини тан олиш ниятида. Бундан ташқари, Лондон Исроилдан Ғарбий Соҳилдаги ҳудудларни аннексия қилиш ниятида эмаслигини “аниқ баён этишини” талаб қилади. Бу ҳақда Буюк Британия Бош вазири Кир Стармер идорасининг кеча, 29 июль куни чоп этилган баёнотида айтилган.

Ўз навбатида, Лондон Ғазо секторини қўл остида тутган ҲАМАС ҳаракатидан 2023 йил 7 октябрда асирга олган исроилликларни зудлик билан озод этишни, ўт очишни тўхтатиш тўғрисидаги битимни имзолашни, “Ғазо бошқарувида ҳеч қандай роль ўйнамаслигини” тан олишни ва қуролсизланиш мажбуриятини олишни талаб қилди.

Буюк Британия парламенти аъзоларининг учдан бир қисми ҳам Кир Стармерни Фаластин давлатини тан олишга чақирган.

Британия Бош вазирининг сўзларига кўра, Фаластин давлатчилиги Фаластин халқининг ажралмас ҳуқуқидир.

“У ҳеч бир қўшнига тегишли эмас, шунингдек, Исроилнинг узоқ муддатли хавфсизлиги учун зарурдир”, деди у.

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеяси олдидан Буюк Британия Кир Стармернинг баёнотидан келиб чиққан ҳолда, томонлар унга таклиф қилинган қадамларни қай даражада амалга оширганликларини баҳолаш ниятида.

Шунга қарамай, Стармернинг идораси таъкидлаганидек, “Фаластин давлатини тан олиш ўз-ўзидан вазиятни ўзгартирмайди”. Шу боис Буюк Британия Иордания билан биргаликда Ғазо секторига ҳаво орқали инсонпарварлик юкларини етказиб бериш, шунингдек, ярадор фаластинлик болаларни Британия шифохоналарига етказиб бериш ниятида.

“Шунингдек, биз ўт очишни тўхтатиш Ғазода бошқарув ва хавфсизлик бўйича шошилинч ишларсиз, узоқ муддатли сиёсий ечим истиқболисиз давом этмаслигига ишонамиз. Шу боис асосий иттифоқчиларимиз билан биргаликда узоқ муддатли сиёсий музокаралар режасини тайёрламоқдамиз ва шу орқали икки давлат ечими йўлга қўйилади”, дея хулоса қилинади баёнотда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Франция Президенти Эммануэль Макрон 2025 йил сентябрида Фаластин давлатлигини тан олиш ниятида эканлигини маълум қилганди. Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяху мамлакати бу қадамни кескин қоралаши ва Фаластин давлати ташкил этилишини ўз хавфсизлигига таҳдид сифатида кўришини айтди. АҚШ Давлат котиби Марко Рубио ҳам Қўшма Штатлар Франциянинг Фаластин давлатини тан олиш ниятида қўллаб-қувватламаслигини билдирди.АҚШ Президенти Дональд Трамп эса Макроннинг Парижнинг Фаластин давлатини тан олишга тайёрлиги ҳақидаги сўзлари ҳеч қандай аҳамиятга эга эмаслигини айтди


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг