“Тарихий ташриф”. Трамп Британияга борди

Олам

image

Кеча, 16 сентябрь куни АҚШ Президенти Дональд Трамп хотини Мелания Трамп билан биргаликда Буюк Британияга иккинчи бор давлат ташрифи билан борди. Бу ҳақда “The Sun” хабар берди.

Президент ва биринчи хонимнинг Буюк Британиядаги илк тўлиқ куни Лондон яқинидаги Беркшир графлигидаги Виндзор қалъасида, қирол Чарльз IIIнинг расмий резиденцияларидан бирида ўтади.

Дастурга кўра, Дональд ва Мелания Трамп сарой ҳудудида отлиқ ҳарбий хизматчилар ҳамроҳлигида аравада сайр қилади, қўшин турлари вакиллари ва учта ҳарбий оркестр қатнашадиган маросим бўлиб ўтади. Шунингдек, фахрий қоровул паради, марҳума қиролича Елизавета II (1926–2022) дафн этилган Авлиё Жорж черковида гулчамбар қўйиш, артиллерия салюти ва ҳаво паради режалаштирилган. 

Британия матбуоти бу ташрифни “тарихий” деб атамоқда. Чунки замонавий тарихда ҳеч бир хорижий сиёсатчи Буюк Британияга икки марта давлат ташрифи билан бормаган. Трамп илк давлат ташрифини 2019 йилда, ўзининг биринчи президентлик муддати даврида амалга оширган, у пайтда қиролича Елизавета II уни уч кунлик дастур доирасида қабул қилган эди.

Бу йил февраль ойида Буюк Британия Бош вазири Кир Стармер қирол номидан Трампга таклифнома топширган. Ўшанда танқидчилар Стармернинг бу қарорини янги Америка маъмурияти билан муносабатларни мустаҳкамлашга қаратилган сиёсий қадам сифатида баҳолаган.

Дастурга кўра, 18 сентябрь куни Трамп Стармер билан Чекерсдаги (Лондондан шимоли-ғарбда жойлашган) Бош вазирнинг қишки қароргоҳида учрашув ўтказади. Учрашув кун тартибига икки томонлама музокаралар, бизнес вакиллари учун қабул ва қўшма матбуот анжумани киради. Ўша куни Трамп АҚШга қайтиши режалаштирилган.

Ташриф одатдагидек кучайтирилган хавфсизлик шароитида ўтади. “The New York Times” нашрининг ёзишича, полиция ва махсус хизматларнинг бу сафардаги операцияси 2023 йилда қирол Чарльз IIIнинг тахтга ўтириш маросимидан буён энг йириги бўлади. Трамп хавфсизлигини таъминлаш учун дронлар, снайперлар, отлиқ полиция бўлинмалари ва Темза дарёсида патрулловчи қайиқчилар жалб этилади.

“The Daily Telegraph”нинг ёзишича, америкалик меҳмон ташрифи муносабати билан полиция харажатлари Трампнинг биринчи ташрифи пайтида сарфланган 14,2 млн фунт стерлингдан (19 млн доллар) ошиб кетиши мумкин.

Шунингдек, Трампнинг ташриф кунларида норозилик намойишлари ҳам бўлиб ўтиши кутилмоқда. “Stop Trump Coalition” (“Трампни тўхтатиш коалицияси”) ҳаракати вакиллари Лондон ва Виндзорда намойишлар ташкил қилишни режалаштирган.


Мақола муаллифи

Теглар

Буюк Британия Дональд Трамп Елизавета II Мелания Трамп Авлиё Жорж

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг