Франция Фаластинни расман тан олишга тайёр – Макрон
Олам
−
25 Июль 2861 3 дақиқа
Париж Фаластинни давлат сифатида расман тан олишга тайёр. Бу ҳақда Франция Президенти Эммануэль Макрон X саҳифасида ёзиб қолдирди.
Унинг айтишича, ушбу қарор расман сентябрь ойида БМТ Бош Ассамблеясининг янги сессиясида эълон қилинади.
Макроннинг таъкидлашича, Фаластин давлатини тан олиш қуйидаги шартлар асосида бўлиши керак – тўлиқ ҳарбий нейтраллик (яъни қуролсизланиш) ва Фаластин томонидан Исроилнинг мутлақ тан олиниши. Унга кўра, мустақил Фаластин Яқин Шарқдаги барқарорликни таъминлашда конструктив роль ўйнаши мумкин.
“Франциянинг адолатли ва мустаҳкам тинчликни таъминлаш борасидаги тарихий мажбуриятига содиқ қолган ҳолда мен Фаластинни тан олиш тўғрисида қарор қабул қилдим. Бу ҳақда сентябрда расмий баёнот бераман”, дея ёзган Франция Президенти.
У, шунингдек, ижтимоий тармоқдаги саҳифасида Фаластин Президенти Маҳмуд Аббосга йўллаган хатини ҳам илова қилган.
Макрон томонларни зудлик билан ўт очишни тўхтатиш, барча гаровга олинганларни озод қилиш ва Ғазо секторига кенг кўламли гуманитар ёрдам кўрсатишга чақирган. У ҲАМАС ҳаракатининг қуролсизлантирилиши, инфратузилманинг қайта тикланиши ва минтақадаги хавфсизлик кафолатларининг муҳимлигини алоҳида таъкидлаган.
Фаластин томони француз етакчисининг бу қарорини аллақачон қўллаб-қувватлаган. Бироқ Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяху бу қадамни 2023 йил 7 октябрда ҲАМАС томонидан уюштирилган ҳужумдан кейин “терроризм учун мукофот” деб атаган.
“Ҳозирги шароитда Фаластин давлатини тузиш бу тинчлик сари қадам эмас, балки Исроил учун таҳдиддир. Фаластинликлар Исроил билан ёнма-ён яшашни эмас, балки уни ўрнини эгаллашни хоҳлайди”, дейилади Исроил томонининг баёнотида.
Маълумот учун, бугунги кунга келиб, БМТга аъзо 193 давлатдан 140 дан ортиғи Фаластинни тан олган. Сўнгги бор 2024 йилда Испания, Ирландия ва Норвегия ушбу рўйхатга қўшилган эди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ ҳам Франция раҳбари Фаластинни тан олиш кераклигини бир неча бор айтганди. Илк бор у июнь ойида ўзи ҳамраислик қиладиган икки давлат ечими бўйича халқаро конференция доирасида Франция Фаластин давлатини тан олиши мумкинлигини айтганди. Кейинчалик “Israel hayom” нашри ҳам Саудия Арабистони ва Франция жорий йилнинг июнь ойида Исроил иштирокисиз Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ҳомийлигида Нью-Йоркда Фаластин давлатини тан олиш бўйича халқаро анжуман ўтказиши ҳақида мақола эълон қилди. Нашрнинг ёзишича, ушбу анжуманда Фаластин давлатини тан олиш бўйича аниқ муддатлар ва ижро механизмларни ўз ичига олган кенг қамровли йўл харитаси ишлаб чиқилиши режалаштирилган. Бироқ тадбир кейинга қолдирилди.
Қолаверса, 19 май куни кечқурун уч давлат раҳбарларининг қўшма баёнотида Франция Президенти Эммануэль Макрон ҳамда Буюк Британия ва Канада Бош вазирлари Кир Стармер ва Марк Карни Исроилнинг Ғазода жанговар ҳаракатларни қайта бошлаганига кескин қарши чиқди ҳамда Исроил ҳукуматини “жирканч баёнотлари” учун танқид қилганди. Нетаньяху, ўз навбатида, баъзи Ғарб давлатлари раҳбарларининг бундай баёнотлари ўринсиз, деган фикрни билдирди.
Live
БарчасиНавоийда Қорбоболар паради ўтказилди
25 Декабрь
Мария Захарова 50 ёшга тўлди
25 Декабрь