Бразилияда қўнаётган самолёт портлаб кетди (видео)
Олам
−
10 Январь
12346Бразилиянинг Убатуба шаҳридаги Гастан-Мадейра аэропортида Cessna Aircraft бизнес-жети шаҳар соҳилида учиш-қўниш йўлагидан чиқиб кетди, оқибатда самолёт портлади. Бу ҳақда “Shot” хабар берди.
Ҳодиса оқибатида етти киши, жумладан, соҳилда дам олаётганлар ҳам жабрланган. Самолёт учувчисини қутқариб бўлмаган. Самолётда беш киши бўлган. Воқеа гувоҳлари аксарияти болалар бўлган йўловчиларни қутқариб қолишга муваффақ бўлган. Учувчи ҳалок бўлган.
Дастлабки маълумотларга кўра, самолёт ҳалокатига ёмон об-ҳаво шароити ва ёмғирдан ҳўл бўлган учиш-қўниш йўлаги сабаб бўлган.
Жабрланганлар шифохонага етказилган, уларнинг соғлиғи қониқарли дея баҳоланмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Бразилия жанубидаги Грамадо шаҳрида хусусий самолёт тураржой ҳудудига қулаб тушганди. Самолётни маҳаллий тадбиркор бошқарган ва бортда унинг оиласи бўлган. Уларнинг ҳаммаси вафот этган.
Охирги кунларда ҳалокатга учраган самолётлар
29 декабрь куни Жанубий Кореядаги аэропортда бортида 181 киши бўлган самолёт ҳалокатга учраганди. Самолёт мамлакат жануби-ғарбидаги Муан халқаро аэропортида учиш-қўниш йўлагидан чиқиб кетган ва қўниш йўлаги ташқарисидаги тўсиққа урилиб, ёниб кетган.
Хабар қилинишича, ичида 175 йўловчи ва олти нафар борт ходими бўлган Jeju Air самолёти Таиланднинг Бангкок шаҳридан қайтаётган ва қўнаётган вақтда аварияга учраган. Йўловчиларнинг 173 нафари Жанубий Корея фуқароси ва икки нафари Таиланд фуқароси бўлган. Ҳалокатга учраган Boeing бир кун олдин ҳам бортдаги фавқулодда вазият тўғрисида хабар берган. Ўшанда ҳаво кемаси парвозни давом эттиришдан олдин мажбурий қўнишни амалга оширган. Сўнгги маълумотларга кўра, 179 киши ҳалок бўлган. Омон қолган икки киши – бир йўловчи ва экипаж аъзоларидан бири.
Шунингдек, Канаданинг PAL Airlines авиакомпаниясининг Сент-Жонсдан учиб келган самолёти Галифакс аэропортига фавқулодда қўнишни амалга оширди. Самолёт учиш-қўниш йўлагига қаноти билан урилганидан кейин ёниб кетган. Галифакс аэропорти самолёт билан содир бўлган воқеа туфайли вақтинча ёпилган. Самолётдаги барча йўловчилар ва экипаж аъзолари туширилган ва аэродромдан олиб кетилган. Йўловчилар ва экипаж аъзолари сони эса ҳозирча маълум эмас.
Бундан ташқари, ўша куни KLM Royal Dutch Airlines авиакомпаниясининг Boeing 737-800 самолёти гидравлик тизимдаги носозлик туфайли Норвегияда фавқулодда қўнишга мажбур бўлганди. Рейс Ослодан Амстердамга йўл олган, бироқ Норвегия пойтахтидан 110 км жанубда жойлашган Сандефьорд аэропортига йўналтирилган. Муваффақиятли қўнганига қарамай, самолёт 18-қўниш йўлагидан чиқиб кетган ва ўтлоқ юзасида тўхтаб қолди. Самолёт бортида 182 киши, жумладан йўловчилар ва экипаж аъзолари бўлган. Ҳеч ким жабрланмаган.
30 декабрь куни эса Германиянинг Штутгарт шаҳрида тўрт ўриндиқли Cessna C-172 самолётининг қулаши оқибатида икки киши жабрланди. Учувчи енгил тан жароҳати олган, 70 ёшли йўловчи оғир аҳволда касалхонага ётқизилган.