Германияда самолёт қулаб тушиши оқибатида икки киши жароҳат олди
Олам
−
31 Декабрь 2024
8699Германиянинг Штутгарт шаҳрида тўрт ўриндиқли Cessna C-172 самолётининг қулаши оқибатида икки киши жабрланди. Бу ҳақда “Анадолу” хабар берди.
Полиция маълумотларига кўра, бир двигателли перванели самолёт кеча, 30 декабрь куни куннинг иккинчи ярмида қўнаётганда ҳалокатга учраган ва аэропорт вақтинча парвозлар учун ёпилган.
Учувчи енгил тан жароҳати олган, 70 ёшли йўловчи оғир аҳволда касалхонага ётқизилган.
Қўниш вақтида ҳаво туманли ва булутли бўлган. Полицияга кўра, ҳуқуқ-тартибот идоралари ҳодиса сабабларини ўрганишни давом эттирмоқда, авиаҳалокат жойида мутахассислар ишламоқда.
Эслатиб ўтамиз, 29 декабрь куни Жанубий Кореядаги аэропортда бортида 181 киши бўлган самолёт ҳалокатга учраганди. Самолёт мамлакат жануби-ғарбидаги Муан халқаро аэропортида учиш-қўниш йўлагидан чиқиб кетган ва қўниш йўлаги ташқарисидаги тўсиққа урилиб, ёниб кетган.
Хабар қилинишича, ичида 175 йўловчи ва олти нафар борт ходими бўлган Jeju Air самолёти Таиланднинг Бангкок шаҳридан қайтаётган ва қўнаётган вақтда аварияга учраган. Йўловчиларнинг 173 нафари Жанубий Корея фуқароси ва икки нафари Таиланд фуқароси бўлган. Ҳалокатга учраган Boeing бир кун олдин ҳам бортдаги фавқулодда вазият тўғрисида хабар берган. Ўшанда ҳаво кемаси парвозни давом эттиришдан олдин мажбурий қўнишни амалга оширган. Сўнгги маълумотларга кўра, 179 киши ҳалок бўлган. Омон қолган икки киши – бир йўловчи ва экипаж аъзоларидан бири.
Шунингдек, Канаданинг PAL Airlines авиакомпаниясининг Сент-Жонсдан учиб келган самолёти Галифакс аэропортига фавқулодда қўнишни амалга оширди. Самолёт учиш-қўниш йўлагига қаноти билан урилганидан кейин ёниб кетган. Галифакс аэропорти самолёт билан содир бўлган воқеа туфайли вақтинча ёпилган. Самолётдаги барча йўловчилар ва экипаж аъзолари туширилган ва аэродромдан олиб кетилган. Йўловчилар ва экипаж аъзолари сони эса ҳозирча маълум эмас.
Бундан ташқари, ўша куни KLM Royal Dutch Airlines авиакомпаниясининг Boeing 737-800 самолёти гидравлик тизимдаги носозлик туфайли Норвегияда фавқулодда қўнишга мажбур бўлганди. Рейс Ослодан Амстердамга йўл олган, бироқ Норвегия пойтахтидан 110 км жанубда жойлашган Сандефьорд аэропортига йўналтирилган. Муваффақиятли қўнганига қарамай, самолёт 18-қўниш йўлагидан чиқиб кетган ва ўтлоқ юзасида тўхтаб қолди. Самолёт бортида 182 киши, жумладан йўловчилар ва экипаж аъзолари бўлган. Ҳеч ким жабрланмаган.
Embraer 190 самолётининг қулаши
25 декабрь куни Azerbaijan Airlines авиакомпаниясининг Баку-Грозний йўналишидаги самолёти ҳалокатга учради. Самолётда 62 нафар йўловчи ва беш нафар экипаж аъзоси бўлган. Самолёт қулашида 38 киши ҳалок бўлди, 29 киши омон қолди.
Дастлаб самолётнинг ҳалокатига қушлар галаси билан тўқнашиб кетгани сабаб бўлгани айтилган эди. Кейинроқ “Euronews” Озарбайжон ҳукуматидаги манбаларига таяниб, ушбу авиаҳалокат Россия томонидан учирилган ер-ҳаво синфидаги ракета туфайли содир бўлганини эълон қилди. Шунингдек, AZAL Embraer 190 самолёти ҳалокатининг дастлабки сабаби сифатида ташқи жисмоний ва техник таъсирларни кўрсатди.
Озарбайжоннинг Рақамли ривожланиш ва транспорт вазири Рашод Набиев ҳам самолёт ҳалокатига “ташқи аралашув” сабаб бўлган бўлиши мумкинлигини айтди. АҚШ ҳам лайнернинг қулашида Россиянинг ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимларининг таъсирини таъкидламоқда.
Озарбайжон парламенти депутати Расим Мусабеков Россия томони Azerbaijan Airlines фуқаролик самолётини ҳаво ҳужумидан мудофаа ракетаси билан уриб туширгани учун узр сўраши кераклигини айтди. Россия Президенти матбуот котиби Дмитрий Песков эса Кремль ҳалокатга баҳо беришни тергов якунларига қадар нотўғри деб билишини ва вазиятга изоҳ бермаслигини билдирди. Чеченистон ҳукумати эса Рамзан Қодировнинг топшириғи билан Баку-Грозний йўналишидаги AZAL авиакомпаниясига тегишли самолёт ҳалокати оқибатида вафот этган ва жабрланганларнинг оилаларига молиявий ва бошқа ёрдам кўрсатишга тайёр эканини билдирди. Лекин, Озарбайжон Президенти Илҳом Алиевнинг маъмурияти ҳеч қандай ёрдамга муҳтож эмаслигини ва бундай ёрдамни қабул қилмаслигини маълум қилди.
LiveБарчаси