Кун бошидан бери учинчи самолёт ҳодисаси рўй берди. Бу сафар Норвегияда (видео)
Олам
−
29 Декабрь 2024
29364KLM Royal Dutch Airlines авиакомпаниясининг Boeing 737-800 самолёти гидравлик тизимдаги носозлик туфайли Норвегияда фавқулодда қўнишга мажбур бўлди. Бу ҳақда авиакомпания матбуот хизмати хабар берди.
Рейс Ослодан Амстердамга йўл олган, бироқ Норвегия пойтахтидан 110 км жанубда жойлашган Сандефьорд аэропортига йўналтирилган. Муваффақиятли қўнганига қарамай, самолёт 18-қўниш йўлагидан чиқиб кетган ва ўтлоқ юзасида тўхтаб қолди. Самолёт бортида 182 киши, жумладан йўловчилар ва экипаж аъзолари бўлган. Ҳеч ким жабрланмаган.
“Ослодан Амстердамга KL1204 рейси ҳавога кўтарилаётганда баланд шовқин эшитилди. Экипаж самолётни Сандефьорд аэропортига йўналтиришга қарор қилди. Паст тезликда қўнгач, Boeing 737 учиш-қўниш йўлагидан чимга қараб ҳаракатланиб кетди. Ҳаммаси бўлиб бортда 176 йўловчи ва 6 экипаж аъзоси бўлган, улар жабрланмаган ва ҳозирда назорат остида”, дейилади авиакомпания расмий баёнотида.
Самолётдан йўловчилар мобил нарвонлар ёрдамида эвакуация қилинган. Воқеа жойига қутқарув хизматлари тезда етиб келган. Ҳозирда расмийлар ва авиакомпания вакиллари йўловчилар ва экипажга зарур ёрдам кўрсатмоқда. Тергов доирасида гидравлик носозлик сабаблари ва ҳодисага тааллуқли ҳолатлар кўриб чиқилади.
Эслатиб ўтамиз, бугун, 29 декабрь куни Жанубий Кореядаги аэропортда бортида 181 киши бўлган самолёт ҳалокатга учраганди. Самолёт мамлакат жануби-ғарбидаги Муан халқаро аэропортида учиш-қўниш йўлагидан чиқиб кетган ва қўниш йўлаги ташқарисидаги тўсиққа урилиб, ёниб кетган.
Хабар қилинишича, ичида 175 йўловчи ва олти нафар борт ходими бўлган Jeju Air самолёти Таиланднинг Бангкок шаҳридан қайтаётган ва қўнаётган вақтда аварияга учраган. Йўловчиларнинг 173 нафари Жанубий Корея фуқароси ва икки нафари Таиланд фуқароси бўлган. Ҳалокатга учраган Boeing бир кун олдин ҳам бортдаги фавқулодда вазият тўғрисида хабар берган. Ўшанда ҳаво кемаси парвозни давом эттиришдан олдин мажбурий қўнишни амалга оширган. Сўнгги маълумотларга кўра, 179 киши ҳалок бўлган. Омон қолган икки киши – бир йўловчи ва экипаж аъзоларидан бири.
Шунингдек, Канаданинг PAL Airlines авиакомпаниясининг Сент-Жонсдан учиб келган самолёти Галифакс аэропортига фавқулодда қўнишни амалга оширди. Самолёт учиш-қўниш йўлагига қаноти билан урилганидан кейин ёниб кетган. Галифакс аэропорти самолёт билан содир бўлган воқеа туфайли вақтинча ёпилган. Самолётдаги барча йўловчилар ва экипаж аъзолари туширилган ва аэродромдан олиб кетилган. Йўловчилар ва экипаж аъзолари сони эса ҳозирча маълум эмас.
LiveБарчаси
01 Январь