Бозумбаев Марказий Осиё давлатларини сувни адолатли тақсимлашга чақирди
Олам
−
15 Август 5074 2 дақиқа
Қозоғистон Бош вазири ўринбосари Қанат Бозумбаев Марказий Осиё давлатларини иқлим билан боғлиқ муаммолар мавжуд шароитда сувни адолатли тақсимлашга чақирди. Бу ҳақда у кеча, 14 август куни Қозоғистонда бўлиб ўтган Давлатлараро сув хўжалигини мувофиқлаштириш комиссиясининг (ДСХМК) 90-юбилей йиғилишида сўз очди.
Бозумбаевнинг айтишича, жорий вегетация даври жуда таранг шароитда ўтмоқда. Яқин йилларда кутилаётган иқлим шароитининг ёмонлашуви ва сув танқислиги Марказий Осиё мамлакатларидан келишувларга қатъий риоя қилган ҳолда мувофиқлаштирилган ҳаракатларни талаб қилади.
У Сирдарё дарёсидаги Қозоғистоннинг Туркистон вилоятида жойлашган “Чордара” сув омбори ҳажми кўп йиллик ўртача кўрсаткичлардан пастлаганини, бу эса қуйи оқим ҳудудларида сув таъминоти учун реал хавф туғдираётганини билдирган. Бозумбаевга кўра, ДСХМК доирасида қабул қилинган қарорлар тўлиқ бажарилмаяпти, бу эса сув режимини тартибга солишда жиддий муаммолар келтириб чиқармоқда.
“Замон биздан тезкорликни талаб қилмоқда. Нафақат муҳокама қилиш ва режалаштириш, балки аниқ чоралар кўриш лозим. Ишончим комилки, бизнинг ҳамкорлигимиз ишонч ва ўзаро тушуниш руҳида ривожланади, ҳамкорликдаги иш эса мамлакатларимиз ва бутун минтақа учун сезиларли натижалар беради”, дейди Бозумбаев.
Йиғилишда Амударё ва Сирдарё ҳавзаларидаги сув омборларининг қишлоқ хўжалиги мавсумидаги ишлаш режимли, шунингдек, Халқаро Оролни қутқариш жамғармаси (ХОҚЖ) асосчи давлатлари раҳбарлари томонидан белгиланган чора-тадбирлар муҳокама қилинган.
Шунингдек, йиғилиш доирасида Ўзбекистон, Тожикистон ва Қозоғистон сув-энергетика идоралари делегациялари уч томонлама учрашув ўтказган. Унда тасдиқланган лимитлар ва сув омборларининг иш режими ҳамда келгуси вегетация даврига тайёргарлик бўйича режалар муҳокама қилинган.
Маълумот учун, ДСХМКнинг кейинги, 91-йиғилиши жорий йилнинг кузида Туркманистонда бўлиб ўтади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистон, Тожикистон ва Қозоғистон вакиллари Тожикистоннинг Гулистон шаҳрида учрашиб, Сирдарё ҳавзасидаги сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш масалаларини муҳокама қилганди.
Live
Барчаси