Бош прокуратура: “Карантин ҳудудидан қочганларга жиноий иш очилди”
Жамият
−
22 Март 2020
6953Аввалроқ, Ўзбекистонда коронавирус аниқланган даврда Россиядан олиб келинган уч нафар ўзбекистонликлар карантин ҳудудидан қочгани, уларга нисбатан жиноий иш қўзғатилгани ҳақида хабар берган эдик. Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси мазкур ҳолат бўйича расмий баёнот билан чиқди.
Қайд этилишича, прокуратура органлари томонидан мамлакатда COVID-19 коронавируси инфекцияси кенг тарқалишининг олдини олиш, санитария-эпидемиологик осойишталикни таъминлаш, санитарияга оид қонун ҳужжатлари ва эпидемияга қарши курашиш қоидаларига риоя этилиши устидан қатъий назорат ўрнатилган.
Бош прокуратуранинг маълумотида келтирилишича, “мураккаб шароитда амалга оширилаётган кенг қамровли тушунтириш ишлари ва кўрилаётган чораларга қарамасдан, чет элдан қайтиб келган ва карантинга жойлаштирилган айрим фуқароларимиз томонидан амалдаги қонунларни қўпол равишда бузиш ҳолатларига йўл қўйилмоқда”.
Жумладан, 2020 йил 16 март куни Жанубий Корея Республикасидан Россия Фердерацияси орқали Самарқандга келган фуқаро А. А. (1989 й.т.) коронавирус (COVID-19) касаллигига чалинганликда гумонланиб, вилоят юқумли касалликлар шифохонасига жойлаштирилган. Бироқ, фуқаро А.А. эпидемияга қарши кураш қоидаларини бузиб, ўзбошимчалик билан шифохонадан қочиб кетган.
Олиб борилган тезкор қидирув тадбирлари натижасида у Сурхондарё вилоятининг Денов туманида ушланди.
Шунингдек, 2020 йил 19 март куни Россия Федерациясининг Самара шаҳридан Ўзбекистон Республикасига келган фуқаро Э.Т. (1954 й.т.) коронавирус (COVID-19) касаллигига чалинганликда гумонланиб, Самарқанд вилоятидаги “Дўстлик” оромгоҳида карантинга жойлаштирилган. Шунга қарамай, фуқаро Э.Т. эпидемияга қарши кураш қоидаларини бузиб, ўзбошимчалик билан карантин зонасидан қочиб кетганлиги аниқланган.
Олиб борилган тезкор қидирув тадбирлари натижасида фуқаро Э.Т. Тошкент вилояти, Паркент туманидаги яшаш уйида ушланди.
Бундан ташқари, 2020 йил 19 март куни Россия Федерациясидан Қорақалпоғистон Республикасига келган фуқаро Ш. Р. (1990 й.т.) коронавирус (COVID-19) касаллигига чалинганликда гумонланиб, Нукус шаҳридаги Республика болалар санаториясига карантинга жойлаштирилган. Бирок, фуқаро Ш.Р. ҳам эпидемияга қарши кураш қоидаларини бузиб, ўзбошимчалик билан карантин зонасидан қочиб кетганлиги аниқланган.
Олиб борилган тезкор қидирув тадбирлари натижасида фуқаро Ш.Р. Бухоро вилояти, Шофиркон туманида ушланди.
Юқоридаги ҳолатлар юзасидан жорий йилнинг 21 март куни Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 25, 257-1-моддаси (Санитарияга оид қонун ҳужжатларини ёки эпидемияга қарши кураш қоидаларини бузиш) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, юқорида қайд этилган фуқароларнинг барчаси гумондор тариқасида процессуал тартибда ушланган.
Жиноят ишлари бўйича тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Бош прокуратура карантин ва чеклов тадбирларини бузиш, касаллик ўчоғига борганлик ҳамда беморлар билан мулоқотда бўлганлик ҳақидаги маълумотларни яширганлик учун жиноий жавобгарлик мавжудлигини яна бир бор эслатмоқда.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда коронавирусни юқтириб олиш билан боғлиқ илк ҳолат жорий йилнинг 15 март куни қайд этилган эди. Айни вақтда ушбу вирусни юқтириб олганлар 42 нафарга етди.
Қадрли юртдошлар, карантин даврида зарурат бўлмаса, кўчага чиқманг. Вақтни оилангиз, фарзандларингиз даврасида ўтказинг. Унутманг, #UydaHayotBor
LiveБарчаси