Россиядан олиб келинган фуқаролар карантин ҳудудидан қочди
Жамият
−
22 Март 2020
25484Ўзбекистонда карантин қоидаларига риоя қилмаган 7 киши жавобгарликка тортилди. Ўзбекистонда коронавирус тарқалгандан шу кунларда Россиядан олиб келинган ва карантинга жойлаштирилган уч киши тартибларга риоя қилмай, карантин ҳудудидан қочган ва бошқаларга хавф туғдирган. Уларга эса қилмишлари ортидан жиноий иш қўзғатилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазири Пўлат Бобожонов QALAMPIR.UZ’га маълум қилди.
Маълумки, икки кун давомида карантинга олинган фуқаролар карантин ҳудудларидан қочишга урингани ҳақида хабарлар тарқалди. Давлат раҳбари ҳам ушбу ҳолатни қаттиқ танқид қилиб, бу жиноий жавобгарликка сабаб бўлишини эслатди. Каратинда ўтирмай, кўчаларда юрган одамлар касалликни тарқатувчи ҳисобланишини айтди. Вазир бу ҳақда гапираркан шундай дейди:
“Айрим фуқаролар бугунги вазиятда мавжуд қонун-қоидаларга риоя қилиш ва шу орқали санитария-эпидемиологик вазият барқарорлигига ҳисса қўшиш ўрнига ўзи ва бошқаларнинг ҳаётини хавф остида қолдириб, эпидемияга қарши кураш қоидаларини бузиш билан боғлиқ ҳуқуқбузарликлар содир этмоқда.
Мисол учун, 2020 йилнинг 16 март куни Жанубий Корея республикасидан Москва шаҳрига ва у ердан поездда Самарқанд шаҳрига келган, 1989 йилда туғилган фуқаро А.Ашуров кузатувга олиниб, Самарқанд вилояти юқумли касалликлар шифохонасига жойлаштирилган. Ушбу фуқаро 20 март кунидан 21 март кунига ўтар кечаси эпидемияга қарши кураш қоидаларини бузиб, ўзбошимчалик билан касалхонадан қочиб кетганлиги аниқланган. Олиб борилган тезкор қидирув тадбирлари натижасида у Сурхондарё вилояти, Денов туманида ушланиб, умумий карантинга жойлаштирилган.
Жорий йилнинг 18 март куни Москва шаҳридан поездда Тошкент шаҳрига келган, 1954 йилда туғилган фуқаро Т.Эшов ҳам кузатувга олиниб, Самарқанд туманидаги “Дўстлик” оромгоҳига карантинга жойлаштирилган. Т.Эшов ҳам эпидемияга қарши кураш қоидаларини бузиб, ўзбошимчалик билан 20 март кунидан 21 март кунга ўтар кечаси карантир зонасидан қочиб кетган. Олиб борилган тезкор қидирув тадбирлари натижасидан Т.Эшов Тошкент вилояти, Паркент тумани, Заркент маҳалласидаги яшаш хонадонида ушланган.
Москва-Тошкент йўналишидаги поезд орқали 19 март куни Қорақалпоғисон Республикасига кириб келган, 1990 йилда туғилган фуқаро Ш.Равшанов кузатувга олиниб, Нукус шаҳридаги касалхонага карантинга жойлаштирилган. Бироқ, ушбу фуқаро ҳам эпидемияга қарши кураш қоидаларини қўпол равишда бузиб, 21 март куни касалхонадан қочиб кетган. Олиб борилган тезкор қидирув ҳаракатлари натижасида у Бухоро вилояти, Шофиркон тумани, Зарчабек маҳалласидаги яшаш уйида ушланиб, карантинга олинди.
Юқоридаги ҳолатлар юзасидан айбдорларга нисбатан Жиноят кодексининг 25,2571-моддаси билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Шунингдек, карантин билан боғлиқ мавжуд тартиблар ва санитария чекловларини бузганлиги учун ҳозирги вақтга қадар 4 нафар шахслар маъмурий жавобгарликка тортилди.
Хоразм вилоятининг Хива шаҳрида яшовчи, 1986 йилда туғилган фуқаро М.Тахиров маст ҳолда бўлган фуқаронинг ерда ётган ҳолатини уяли телефони орқали видеотасвирга тушириб, ушбу фуқарони коронавирус инфекциясига чалинган, деб аҳоли орасида ваҳимага сабаб бўлувчи маълумотларни интернет тармоғи орқали тарқатиб юборган. Мазкур ҳолат юзасидан ушбу фуқарога нисбатан маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ҳужжатлар расмийлаштирилиб, 1 миллион 115 минг сўм миқдоридаги жарима жазоси белгиланди”, дейди вазир.
Ўзбекистонда коронавирусга қарши ҳар қандай кучли чоралар кўрилмасин, тақиқлар қўйилмасин, агар одамлар ҳамжиҳат бўлиб, давлатни қўллаб-қувватлаб, ушбу касалликнинг оммавий тарқалмаслигига ўз ҳиссасини қўшмас экан, касаллик кундан кун кенг оммага ёйилиб бораверади. Вазир сўзида давом этаркан, буни яна бир бор эслатди:
“Бугунги вазиятда ҳар бир фуқаронинг ахлоқ-одоб мезонларини унутмаслиги, санитария қоидаларига қатъий риоя қилиши, ўзини ва яқинларини касалликдан ҳимоя қилишнинг энг тўғри йўли эканлигини ҳар бир фуқаро ёдда тутиши зарур.
Тиббий-профилактик тадбирлар доирасида жойларда фуқаролар йиғинлари раислари, профилактика инспекторлари ва соғлиқни сақлаш тизими ходимлари томонидан аҳоли ўртасида тегишли тарғибот-ташвиқот ишларини янада кучайтириш мақсадга мувофиқ.
Жорий йилнинг 22 март кунидан бошлаб Тошкент шаҳрида жамоат транспорти ҳаракати вақтинча тўхтатилиши тўғрисидаги қарорни ҳам эпидемияга қарши кураш борасидаги кечиктириб бўлмас чоралардан бири сифатида қабул қилиш лозим.
Шу билан бирга, ижтимоий тармоқлар фойдаланувчилари томонидан мамлакатимиздаги ҳақиқий вазиятни сохталаштириб талқин қилаётган, аҳоли орасида ваҳима келтириб чиқаришга қаратилган уйдирмалар, шунингдек, асоссиз маълумотларни тарқатаётган аккаунтларни аниқлаш ва уларнинг эгаларига нисбатан қонунда белгиланган тартибда ҳуқуқий таъсир чораларини кўриш ишлари ҳам олиб борилаётганлигини яна бир бор эслатиб ўтмоқчиман.
Энг муҳими, бугунги вазиятда ҳар биримиз зиммамиздаги вазифаларга янада масъулият билан ёндошиб, санитария-гигиена талабларига қатъий риоя қилишимиз, энг бебаҳо неъмат бўлган сиҳат-саломатликни асраш ва ҳимоя қилиш учун барча зарур чораларни амалга оширишимиз шарт.
Коронавирусга қарши биргаликда кураш олиб бориб, карантин қоидалари ва санитария чекловларига риоя қилиш ўзимиз ва оила аъзоларимиз ҳамда юртдошларимизнинг саломатлигини асраш борасидаги энг тўғри йўл эканлигини унутмайлик”.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда коронавирусни юқтириб олиш билан боғлиқ илк ҳолат жорий йилнинг 15 март куни қайд этилган эди. Айни вақтда ушбу вирусни юқтириб олганлар 42 нафарга етди.
Қадрли юртдошлар, карантин даврида зарурат бўлмаса, кўчага чиқманг. Вақтни оилангиз, фарзандларингиз даврасида ўтказинг. Унутманг, #UydaHayotBor
LiveБарчаси