Россияда вабо хавфи: Ўзбекистоннинг қўшниси ҳам чегарада назоратни кучайтирди
World
−
14:42 1076 2 minutes
Қирғизистон давлат чегарасидаги ўтказиш пунктларида профилактика чоралари ва санитария-карантин назоратини кучайтирмоқда. Бу ҳақда мамлакат Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот маркази маълум қилди.
Мазкур чора-тадбирлар Россияда вабо касаллиги қайд этилгани ҳақида пайдо бўлган маълумотлар муносабати билан қабул қилингани кўрсатиб ўтилган.
Барча санитария-карантин пунктлари кучайтирилган иш форматига ўтказилган. Чегарада мутахассислар одамлар, транспорт ва юкларнинг ҳаракатини назорат қилмоқда.
“Бу юқумли касалликлар, жумладан, ўта хавфли инфекцияларнинг кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш мақсадида амалга оширилмоқда”, дейилади идора хабарида.
Вазият санитария-эпидемиология хизмати назоратига олинган.
Маълумот учун, вабо (cholera) – ингичка ичакнинг зарарланиши, интоксикация, умумий аҳволнинг оғирлашуви ва организмнинг сувсизланиши билан давом этадиган ўткир инфекцион ўта хавфли ичак касалликларидан бири. Вабо микроби (вибрион деб аталади) классик Вабо вибриони ва Эль-Тор вибриони деб аталадиган икки турга ажратилади. Вабо вибриони дарё сувида 18 кундан 5 ойгача, музда бир неча ой, ариқларда бир неча кун, денгиз сувида икки ҳафта, совуқ вақтда нажасда бир неча ой, ахлат чуқурларида 3 ойгача, ички кийимларда 2 ой, қум-тупроқда бир неча ой, сув ҳавзаларида 15-30 кун, сут ва ёғда бир ойгача, картошкада 2 ҳафтагача, ҳўл мевада бир неча кунгача тирик қолиши мумкин. Дезинфекцияловчи моддалар вибрионни тез ўлдиради. Сув қайнатилганда ҳам вибрион тез ўлади. Вабо вибриони беморнинг ахлати, қусуғи, баъзан пешоби билан ташқарига чиқади. Вибрионлар тушган сув ва озиқ-овқатни истеъмол қилиш натижасида мазкур касаллик юқиши мумкин.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Россиянинг Иркутск вилоятидаги Шелехов шифохонасида 27 ёшли бемор аёл вафот этгани хабар қилинган эди. Унинг ўлимидан сўнг шифохона карантинга ёпилди, аёл билан мулоқотда бўлган шахслар эса изоляция қилиниб, тиббий кузатувга олинди. Ўлим сабаби ҳозирча мутахассислар томонидан аниқланаётган инфекция билан боғланмоқда. Ушбу воқеа фонида ижтимоий тармоқларда вабо инфекцияси юқтирилган бўлиши мумкинлиги ҳақида хабарлар пайдо бўлди.
Ушбу хабарлар фонида Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси Ўзбекистонда тегишли хизматларнинг тайёргарлиги кучайтирилганини маълум қилди.
Live
All