Ўзбекистонда бир бемор 16 кишига коронавирус юқтирди

Жамият

image

Коронавирус Ўзбекистонга ҳам юқори даражада хавф туғдирмоқда. Бугунгача ушбу хасталикка чалинганлар 42 кишини ташкил этмоқда. Қайд этилишича, касалланганларнинг 16 нафари ушбу вирусни юқтириб олган бир киши билан алоқада бўлган. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазири Пўлат Бобожонов QALAMPIR.UZ’га маълум қилди. 

“Жорий йилнинг 15 мартидан 22 март кунига қадар юртимизда ушбу касаллик 40 нафардан зиёд шахсларда аниқланган бўлса, касалликнинг 16 таси 1 бемор билан контактда бўлганларда учраган. Бундай вазиятда энг асосийси, ўзаро мулоқотни камайтириш, касаллик юқишининг олдини олиш борасидаги тартиб-қоидаларга қатъий риоя қилиш зарурлигини кўрсатмоқда”, дейди вазир.

Айни вақтда коронавирус тарқалишига қарши курашни кучайтириш ва карантин режими даврида хавфсизлик ва жамоат тартибини таъминлаш ҳамда бошқа мутасадди идоралар билан ўзаро ахборот алмашиш ва ишларни мувофиқлаштириш мақсадида, Вазирлик ва ҳудудий ички ишлар органларида тезкор штаблар ташкил этилган.

“Таҳлилларга кўра, жорий йилнинг 27 февралидан 22 мартига қадар мамлакатимизга чегара орқали кириб келган жами 837 000 нафар фуқаролар чегара хизмати ва тиббиёт ходимлари билан биргаликда кўрикдан ўтказилган. Тиббий кўрик давомида эпидемик вазият нохуш бўлган давлатлардан келган 19 479 нафар шахслар аниқланиб, яшаш манзили бўйича 14 кунлик тиббий кузатувга юборилган.

Бугунги кунда, 14 кунлик карантинга олинганларнинг 6 748 нафари Соғлиқни сақлаш вазирлигининг хулосаси асосида тиббий кузатувдан чиқарилган бўлиб, 12 731 нафари тиббий кузатувда қолмоқда. 

Тиббий кузатувдаги шахслардан 7 416 нафари шифохоналарда, 5 315 нафари уй шароитида сақланмоқда. Уй шароитида карантин ўтаётган фуқаролар, белгиланган қоидаларга риоя қилишлари, карантин тартибларини бузиб ташқарига чиқишларини олдини олиш ва аҳолининг хотиржамлигини таъминлаш мақсадида, жами 9 564 нафар, яъни ҳар бир уйга бир нафардан профилактика инспектори, шунингдек, маҳалла раиси ва тиббиёт ходимлари бириктирилган”, дейди Пўлат Бобожонов.

Қайд этилишича, уй шароитида “оилавий карантин”да сақланаётган барча фуқаролар Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодекснинг 54-моддаси (эпидемияларга қарши кураш қоидаларини бузиш) ва Жиноят кодексининг 2571-моддаси (санитарияга оид қонун ҳужжатларини ёки эпидемияга қарши кураш қоидаларини бузиш) билан таништирилиб, расмий огоҳлантирилган. 

“Махсус ажратилган даволаш ва бошқа муассасаларда “умумий карантин”да сақланаётган, тиббий кузатувдаги шахсларнинг белгиланган қоидаларга риоя қилишлари, карантин тартибларини бузиб ташқарига чиқишларини олдини олиш, бир сўз билан айтганда, санитария чекловларини таъминлаш мақсадида, ушбу масканлар Мудофаа вазирлиги ҳарбий хизматчилари ҳамда Ички ишлар ва Миллий Гвардия ходимлари томонидан қўриқловга олинган.

Чет элларда бўлган юртдошларимизни мамлакатимизга қайтариш борасидаги саъй-ҳаракатлар натижасида, бугунги кунга келиб, 8 та авиа ва 
11 та темир йўл рейслари орқали хорижий мамлакатларда бўлган 4 173 нафар фуқаролар мамлакатимизга эвакуация қилиниб, 22 та тиббиёт муассасаларига жойлаштирилди. 

Юқоридаги ҳаракатларнинг барчаси республикамиз ҳудудида ушбу хавфли инфекциянинг кенг тарқалиб кетишининг олдини олиш, ҳар бир юртдошимиз саломатлигини қатъий муҳофаза қилишга қаратилган”, дея қўшимча қилади Ички ишлар вазири.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда коронавирусни юқтириб олиш билан боғлиқ илк ҳолат жорий йилнинг 15 март куни қайд этилган эди. Айни вақтда ушбу вирусни юқтириб олганлар 42 нафарга етди

Қадрли юртдошлар, карантин даврида зарурат бўлмаса, кўчага чиқманг. Вақтни оилангиз, фарзандларингиз даврасида ўтказинг. Унутманг, #UydaHayotBor


Мақола муаллифи

Теглар

Пўлат Бобожонов коронавирус

Баҳолаганлар

921

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг