Болгарияда вабо аниқланди
Олам
−
14 Сентябрь
2641Болгарияда 103 йил ичида биринчи марта вабо қайд этилди. Касаллик аниқланган бемор Ҳиндистон фуқароси бўлган. Бу ҳақда “Novinite” хабар берди.
Мамлакат Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига кўра, бемор 13 августдан 2 сентябргача Нью-Деҳлида бўлиб қайтган 23 ёшли Ҳиндистон фуқароси эканлиги аниқланган. София вилоят соғлиқни сақлаш инспекциясининг аниқлик киритишича, 3 сентябрь куни эркакда ўткир диарея белгилари пайдо бўлган. Лаборатория текшируви натижасида унга вабо касаллиги ташхиси қўйилган. Шундан сўнг, ҳиндистонлик пойтахтдаги паразитар ва юқумли касалликлар шифохонасининг алоҳида ҳаммоми бўлган палатасига ётқизилган.
Нашрга кўра, беморнинг умумий саломатлиги яхши. У билан бирга яшайдиган қўшниси ҳам карантинга олинган, аммо текширувлар натижасида унда касаллик аниқланмаган.
Маълумот учун, вабо заҳарланган озиқ-овқат ёки сув танага кирганда “Vibrio cholerae” бактерияси келтириб чиқарадиган ўткир диарея инфекциясидир. Бу жиддий ошқозон-ичак муаммоларига, сувсизланишга ва ўлимга олиб келиши мумкин.
Вабо тарихан Ҳиндистонда кенг тарқалган бўлиб, Ганга дарёси инфекциянинг асосий манбаи бўлган. Касаллик XX асрнинг бошларида бутун дунёга тарқалиб, бир қанча пандемияларни юзага келтирган. Болгарияда вабо 1920 йилларнинг бошларига қадар жиддий муаммо бўлиб, охирги йирик эпидемия 1914-1918 йилларда, кейин эса 1921 йилда кузатилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Франция Ички ишлар вазири Жеральд Дарманинга таркибида қора кукун бўлган мактуб юборилган, унда дастлабки синовлар вабо таёқчасининг изларини аниқлаган эди.
LiveБарчаси