БМТ Инсон ҳуқуқлари кенгаши Қозоғистон, Қирғизистон ва Ўзбекистон тақдим этган резолюцияни қўллаб-қувватлади
Олам
−
11 Октябрь
2445Кеча, 10 октябрь куни БМТ Инсон ҳуқуқлари кенгашининг 57-сессиясида иштирокчи давлатлар оиладаги зўравонликка барҳам беришга қаратилган қўшма резолюцияни бир овоздан маъқуллади. Бу ҳақда Қирғизистон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
Билдирилишича, Қозоғистон, Қирғизистон ва Ўзбекистон ташаббуси кенгашда иштирок этаётган барча давлатлар томонидан қўллаб-қувватланган. Қирғизистон делегацияси резолюциядан кўзланган асосий мақсад оиладаги зўравонликнинг барча кўринишларининг олдини олиш ва йўқ қилишга қаратилган жаҳон стандартларини шакллантириш эканини айтган.
Шунингдек, оиладаги зўравонлик муаммоси чегаралар ва маданий тафовутлардан ошиб, дунёнинг барча бурчакларидаги одамларга таъсир қилиши таъкидланган.
"Резолюция барча аъзо давлатлар томонидан эътироф этилган ва қўллаб-қувватланган бўлиб, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ҳамда аёллар ва қизлар хавфсизлигини таъминлашда халқаро ҳамжамиятнинг бирдамлигини намойиш этади" деб ёзади Ташқи ишлар вазирлиги.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 26 февраль куни Нью-Йорк шаҳридаги БМТ бош қароргоҳида Ташкилот Бош Ассамблеяси томонидан Ўзбекистон тарафидан илгари сурилган "2027 йил – Халқаро барқарор ва яшовчан туризм йили" резолюцияси бир овоздан маъқулланганди.