БМТ Ўзбекистон томонидан илгари сурилган резолюцияни бир овоздан маъқуллади
Жамият
−
27 Февраль
9213Жорий йилнинг 26 февраль куни Нью-Йорк шаҳридаги БМТ бош қароргоҳида Ташкилот Бош Ассамблеяси томонидан Ўзбекистон тарафидан илгари сурилган "2027 йил – Халқаро барқарор ва яшовчан туризм йили" резолюцияси бир овоздан маъқулланди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, ушбу резолюцияга 80 дан ортиқ аъзо мамлакат ҳаммуаллифлик қилган. Ҳужжат матнини мувофиқлаштириш бўйича маслаҳатлашувларда Россия, Хитой Халқ Республикаси, АҚШ, Туркия, Германия, Буюк Британия, Европа Иттифоқи делегацияси, Япония, Корея Республикаси, Миср, Бразилия, Аргентина каби етакчи давлатларнинг экспертлари фаол иштирок этган ва резолюция мазмунини бойитишга муҳим ҳисса қўшган. БМТга аъзо давлатлар вакиллари ушбу резолюциянинг тақдим этилиши ўз вақтида ва долзарб эканини қайд этгани таъкидланган.
Ҳужжатнинг бош мақсади Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2023 йил октябрида Самарқандда бўлиб ўтган БМТнинг Жаҳон сайёҳлик ташкилоти Бош Ассамблеяси сессиясида туризм соҳасининг янги муаммолар ва замонавий хатарлар олдида барқарорлиги ва мослашувчанлиги борасида билдирилган фикрларига асосланган.
Президент томонидан туризмнинг турли цивилизациялар бой маданий меросини асрашда, тинчлик ва бағрикенгликни мустаҳкамлашда, халқларнинг қадриятларини ҳурмат қилишда муҳим ўрин тутиши тўғрисида баён этилган тамойиллар ушбу резолюцияда мустаҳкамланган.
Ҳужжатда экология, биохилма-хилликни асраш ва атмосферанинг ифлосланишини камайтириш йўлида "яшил" туризмни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилган.
Резолюция 2027 йилни “Халқаро барқарор ва яшовчан туризм йили” деб эълон қилишни қарор қилади ҳамда БМТнинг Жаҳон сайёҳлик ташкилотини ҳукуматлар, БМТ тизимидаги тузилмалар, минтақавий ташкилотлар билан биргаликда йилни муваффақиятли ўтказиш учун комплекс чоралар кўришга чақиради.
Унда барқарор туризмни, жумладан, Барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш, иқтисодий ўсиш, тўлиқ бандликни таъминлаш, қишлоқ ҳудудларини ривожлантириш ва қишлоқ аҳолисининг яшаш шароитларини яхшилашга хизмат қилувчи экотуризмни ривожлантириш муҳимлиги таъкидланган.
Резолюция барча манфаатдор томонларга барқарор ва яшовчан туризмни камбағалликни бартараф этиш, аёллар, ёшлар, кексалар ва ногиронларнинг иштирокини рағбатлантириш, иқтисодий имкониятларни кенгайтириш ҳамда муносиб иш жойлари ва даромад манбаларини яратишнинг муҳим воситаси сифатида фаол илгари суришни тавсия этиши айтилмоқда.
Ҳужжат билан БМТнинг Жаҳон сайёҳлик ташкилотига ушбу резолюциянинг амалга оширилиши юзасидан БМТ Бош Ассамблеясининг 83-сессиясида (2028 й.) ахборот бериш, бунда Халқаро йил қай даражада ўтказилганини баҳолашга алоҳида эътибор бериш топширилган.
Экспертларнинг фикрича, Ўзбекистон томонидан илгари сурилган резолюция туризм саноатининг глобал даражада янги босқичга кўтарилишини бошлаб беради.
LiveБарчаси