БМТ Афғонистонга қўшни давлатлардан қочқинлар учун чегараларни очиб қўйишни сўради
Олам
−
14 Август 2021
10132Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг (БМТ) Қочқинлар бўйича Олий Комиссарлиги Афғонистонга қўшни бўлган давлатларни жанглардан паноҳ излаган мамлакат аҳолисига чегараларни ёпмасликка чақирди. Бу ҳақда ТАСС хабар берди.
БМТ вакили Шабия Мантунинг кеча, 13 август куни Женевада бўлиб ўтган брифингда айтишича, шу йил бошидан бери 400 мингга яқин афғонистонлик ўз уйларини ташлаб кетишга мажбур бўлган.
“Қочқинлар бўйича Олий Комиссарлик Афғонистондаги кескин инқироз шароитида қўшни давлатларни чегараларни очиқ сақлашга чақиради. Бу йил бошидан бери 400 мингга яқин тинч аҳоли ўз уйларини ташлаб кетди”, дейди Манту. У шунингдек, 2020 йил охирига келиб мамлакатда 2,9 миллион киши ҳарбий кескинлик сабаб кўчиб юришга мажбур бўлганини қўшимча қилган.
Маълум бўлишича, Афғонистондаги жорий ҳолатга қарамай, БМТ ушбу давлатдаги делегациясини ҳали эвакуация қилмаган. Қайд этилишча, Афғонистонда халқаро ташкилотнинг умумий ҳисобда 720 га яқин ходими дипломатик фаолият олиб боради. Бироқ, пандемия шароитида уларнинг ишчи штаби 300 га қадар қисқартирилган. Қолган қисми эса масофадан туриб ишлашда давом этмоқда.
Сўнгги пайтларда Афғонистондаги вазият янада кескинлашди. “Толибон” Афғонистондаги бир неча стратегик аҳамиятга эга бўлган объектларни, жумладан мамлакатнинг иккинчи энг йирик шаҳри — Қандаҳор, Ғазни ва Ҳиротни эгаллаб олди. ОАВда эса мамлакат Президенти Ашраф Ғанининг Афғонистонни тарк этиши ҳақида хабарлар пайдо бўлмоқда.
Қайд этиш керакки, Марказий Осиё давлатлари Афғонистондан келган қочқинлар учун ўз чегараларини очиб бериши савол остида. Чунки қочқинлар сафида ушбу давлатларга террорчи гуруҳларнинг жангарилари кириб келиши эҳтимоли, йўқ эмас. Шу сабаб, Афғонистон билан энг узун умумий чегарага эга бўлган Тожикистон қочқинлар учун чегара яқинида йирик лагерь қурмоқда. Бундай лагерга Ўзбекистонда ҳам эҳтиёж туғилиши мумкин, агар афғонистонлик қочқинлар учун чегарасини очиб берса, албатта. Бироқ расмийлар бундай иншоот ўзбек-афғон чегараси яқинида қурилмаётганини айтмоқда.
Фаоллашган “Толибон” ва Афғонистондаги кескинлик
Афғонистондаги хавфсизлик билан боғлиқ вазият жорий йилнинг апрелида АҚШ Президенти Жо Байденнинг республикада Америка қуролли кучларининг операцияси якунига етганини эълон қилганидан сўнг, анча ёмонлашди.
Жорий йилнинг 13 июль ҳолатига кўра, Қўшма Штатлар ўз қўшинларининг 95 фоизидан кўпроғини Афғонистондан олиб чиқиб кетиб бўлди. Бу жараён 31 августга қадар якунланиши кутилмоқда. Штатлар каби НАТОнинг бошқа аъзолари ҳам Афғонистонни тарк этмоқда. Жумладан, Италия, Австралия ва Германия кучлари, аллақачон, мамлакатдан чиқиб кетган.
Хорижий қўшинларнинг Афғонистонни тарк этиши фонида “Толибон” ҳаракати мамлакат ҳудудлари устидан назоратни ўрнатиш мақсадида ҳужумларни кучайтирмоқда. Толибларнинг таъкидлашича, улар айни пайтда Афғонистоннинг 85 фоизини назорат қилмоқда. Бундан ташқари, ҳаракат кучлари бир қатор қўшни давлатлар — Туркманистон, Тожикистон, Эрон ва Покистон билан чегарада жойлашган назорат пунктларини ҳам эгаллаб олган. Шундай бўлса-да, ҳаракат вакиллари Афғонистондан ташқарига чиқмасликларини ва қўшни давлатларга хавф солмасликларини қайта ва қайта таъкидламоқда.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь