“Толибон” Афғонистоннинг иккинчи энг йирик шаҳрини босиб олди
Олам
−
12 Август 2021
11957Бугун, 12 август куни “Толибон” ҳаракати Афғонистоннинг иккинчи йирик шаҳри — Қандаҳорни эгаллаб олди. Бу ҳақда ҳаракатнинг расмий вакили Забиҳуллоҳ Мужоҳид маълум қилди.
“Қандаҳор фатҳ қилинди”, дейди у.
Шаҳар эгалланганини “Толибон”нинг яна бир вакили Қори Аҳмадий ҳам эълон қилди.
Маълумот ўрнида, Афғонистон пойтахти Қобул мамлакатнинг энг йирик шаҳри ҳисобланади.
Эслатиб ўтамиз, толиблар бундан аввал Кобул-Қандаҳор автомагистрали ўтадиган Ғазни шаҳрини эгаллаб олган эди.
Фаоллашган “Толибон” ва Афғонистондаги кескинлик
Афғонистондаги хавфсизлик билан боғлиқ вазият жорий йилнинг апрелида АҚШ Президенти Жо Байденнинг республикада Америка қуролли кучларининг операцияси якунига етганини эълон қилганидан сўнг, анча ёмонлашди.
Жорий йилнинг 13 июль ҳолатига кўра, Қўшма Штатлар ўз қўшинларининг 95 фоизидан кўпроғини Афғонистондан олиб чиқиб кетиб бўлди. Бу жараён 31 августга қадар якунланиши кутилмоқда. Штатлар каби НАТОнинг бошқа аъзолари ҳам Афғонистонни тарк этмоқда. Жумладан, Италия, Австралия ва Германия кучлари, аллақачон, мамлакатдан чиқиб кетган.
Хорижий қўшинларнинг Афғонистонни тарк этиши фонида “Толибон” ҳаракати мамлакат ҳудудлари устидан назоратни ўрнатиш мақсадида ҳужумларни кучайтирмоқда. Толибларнинг таъкидлашича, улар айни пайтда Афғонистоннинг 85 фоизини назорат қилмоқда. Бундан ташқари, ҳаракат кучлари бир қатор қўшни давлатлар — Туркманистон, Тожикистон, Эрон ва Покистон билан чегарада жойлашган назорат пунктларини ҳам эгаллаб олган. Шундай бўлса-да, ҳаракат вакиллари Афғонистондан ташқарига чиқмасликларини ва қўшни давлатларга хавф солмасликларини қайта ва қайта таъкидламоқда.
LiveБарчаси