“Толибон” Қобул йўлидаги муҳим шаҳарни эгаллади
Олам
−
12 Август 2021
8628“Толибон” стратегик муҳим Ғазна шаҳрини эгаллади. Бу толиблар қўлига ўтган ўнинчи вилоят маркази бўлди. Бу ҳақда BBC хабар берди.
Ғазна жангариларнинг таянч нуқтасини пойтахт билан боғловчи Қобул-Қандаҳор автомагистралида жойлашган. Ғазнанинг қулаши “Толибон” охир-оқибат Қобулнинг ўзини эгаллашга уриниши эҳтимолини оширади.
Ғазна маҳаллий кенгаши вакилининг BBC’га маълум қилишича, толиблар шаҳарнинг катта қисмини эгаллаб олган. Фақатагина полиция базаси Афғонистон хавфсизлик кучлари томонидан назорат қилиняпти.
Кеча Қандаҳор шаҳрида ҳам кучли жанглар бўлиб ўтгани хабар қилинмоқда. “Толибон” шаҳар қамоқхонаси эгалланганини айтмоқда. Ҳилменд провинцияси маркази Лашкаргоҳ шаҳрида жангарилар полиция қароргоҳини қўлга киритган.
Ҳозирда мамлакатдаги 34 та вилоят марказларининг деярли учдан бир қисми “Толибон” назоратига ўтган. Нимрўз, Жузжон, Сари-Пул, Қундуз, Тахор, Саманган, Фарах, Боғлон ва Бадахшон вилоятлари марказини эгаллаган. Толиблар ўзи эгаллаган шаҳарларда биринчилардан бўлиб қамоқхоналардаг маҳкумларни озод қилмоқда.
Фаоллашган “Толибон” ва Афғонистондаги кескинлик
Афғонистондаги хавфсизлик билан боғлиқ вазият жорий йилнинг апрелида АҚШ Президенти Жо Байденнинг республикада Америка қуролли кучларининг операцияси якунига етганини эълон қилганидан сўнг, анча ёмонлашди.
Жорий йилнинг 13 июль ҳолатига кўра, Қўшма Штатлар ўз қўшинларининг 95 фоизидан кўпроғини Афғонистондан олиб чиқиб кетиб бўлди. Бу жараён 31 августга қадар якунланиши кутилмоқда. Штатлар каби НАТОнинг бошқа аъзолари ҳам Афғонистонни тарк этмоқда. Жумладан, Италия, Австралия ва Германия кучлари, аллақачон, мамлакатдан чиқиб кетган.
Хорижий қўшинларнинг Афғонистонни тарк этиши фонида “Толибон” ҳаракати мамлакат ҳудудлари устидан назоратни ўрнатиш мақсадида ҳужумларни кучайтирмоқда. Толибларнинг таъкидлашича, улар айни пайтда Афғонистоннинг 85 фоизини назорат қилмоқда. Бундан ташқари, ҳаракат кучлари бир қатор қўшни давлатлар — Туркманистон, Тожикистон, Эрон ва Покистон билан чегарада жойлашган назорат пунктларини ҳам эгаллаб олган. Шундай бўлса-да, ҳаракат вакиллари Афғонистондан ташқарига чиқмасликларини ва қўшни давлатларга хавф солмасликларини қайта ва қайта таъкидламоқда.
LiveБарчаси