“Толибон”дан навбатдаги юриш: Навоий туғилган шаҳар ҳам эгалланди

Олам

image

Бугун, 12 август куни “Толибон” радикал ҳаракати Афғонистоннинг ғарбий қисмида жойлашган худди шу номдаги вилоятнинг маъмурий маркази бўлган Ҳирот шаҳрини ўз назоратига олди. Бу ҳақда “Agence France-Presse” нашри Афғонистон хавфсизлик хизматларидаги манбасига таяниб хабар берди.

Агентликка кўра, ҳукумат кучлари “шаҳар вайрон бўлмаслиги учун” чекинишга мажбур бўлган. Таъкидланишича, “Толибон” Ҳиротни эгаллашда “қаршиликка учрамаган”.

Маълумот ўрнида, Ҳирот Афғонистоннинг учинчи энг йирик шаҳри ҳисобланади. Ушбу шаҳарда 1441 йилнинг 9 февраль куни Алишер Навоий туғилган. 

Айни пайтда, “Толибон” матбуот котиби Забиҳуллоҳ Мужоҳид бутун Ҳирот вилояти ҳаракат қўлида эканини айтмоқда. Унинг сўзларига кўра, толиблар “маҳаллий маъмурият биноси, полиция штаб-квартираси ва бошқа кўплаб муҳим объектларни эгаллаб олган. Ҳукумат кучлари жангчилари эса қуролларини ташлаб, “Толибон” тарафига ўтган”.

Эслатиб ўтамиз, толиблар бундан аввал Афғонистоннинг иккинчи энг йирик шаҳри — Қандаҳорни ҳамда стратегик муҳим шаҳар — Ғазнини эгаллаган эди. Афғонистоннинг энг йирик шаҳри эса Қобул ҳисобланади. 

Фаоллашган “Толибон” ва Афғонистондаги кескинлик

Афғонистондаги хавфсизлик билан боғлиқ вазият жорий йилнинг апрелида АҚШ Президенти Жо Байденнинг республикада Америка қуролли кучларининг операцияси якунига етганини эълон қилганидан сўнг, анча ёмонлашди. 

Жорий йилнинг 13 июль ҳолатига кўра, Қўшма Штатлар ўз қўшинларининг 95 фоизидан кўпроғини Афғонистондан олиб чиқиб кетиб бўлди. Бу жараён 31 августга қадар якунланиши кутилмоқда. Штатлар каби НАТОнинг бошқа аъзолари ҳам Афғонистонни тарк этмоқда. Жумладан, ИталияАвстралия ва Германия кучлари, аллақачон, мамлакатдан чиқиб кетган.

Хорижий қўшинларнинг Афғонистонни тарк этиши фонида “Толибон” ҳаракати мамлакат ҳудудлари устидан назоратни ўрнатиш мақсадида ҳужумларни кучайтирмоқда. Толибларнинг таъкидлашича, улар айни пайтда Афғонистоннинг 85 фоизини назорат қилмоқда. Бундан ташқари, ҳаракат кучлари бир қатор қўшни давлатлар — Туркманистон, Тожикистон, Эрон ва Покистон билан чегарада жойлашган назорат пунктларини ҳам эгаллаб олган. Шундай бўлса-да, ҳаракат вакиллари Афғонистондан ташқарига чиқмасликларини ва қўшни давлатларга хавф солмасликларини қайта ва қайта таъкидламоқда.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

665

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг