“Толибон” Афғонистонда давлат қурса, бу Ўзбекистонга таҳдидми? Халқаро сиёсатчи билан суҳбат
Интервью
−
16 Июль 2021
23845Айни кунларда Афғонистондан АҚШ ва НАТО кучларининг муваффақиятсиз ҳарбий ҳаракатларни тугатиб, мамлакатдан чиқиб кетиши ортидан “Толибон” ҳаракати яна фаоллашмоқда. Хўш, Афғонистоннинг кейинги тақдири нима бўлади? Ҳукумат ва ҳаракат муросага келадими? Бунда ташқи кучлар томошабин бўлиб қолаверадими? Ўзбекистон қандай йўл тутади? Туркия-чи? Маълумки, 15-16 июль кунлари Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида “Марказий ва Жанубий Осиё: минтақавий ўзаро боғлиқлик. Таҳдидлар ва имкониятлар” мавзусида халқаро конференция ўткизилди. Ушбу конференцияда иштирок этган Туркия ташқи сиёсат институти директори, академик, профессор, сиёсий фанлар доктори Ҳусайин Бағчи QALAMPIR.UZ студиясига ташриф буюриб, Афғонистондаги вазият ва “Толибон”нинг фаоллашуви ҳақида таҳлилларини баён этди.
Ушбу геосиёсий жиҳатдан муҳим суҳбатни юқоридаги видееоплеерда ёки QALAMPIR.UZ’нинг YouTube’даги саҳифасида томоша қилишингиз мумкин.
Қамариддин Шайхов, журналист: — Суҳбат аввалида Ўзбекистонда ўтказилаётган “Марказий ва Жанубий Осиё: минтақавий ўзаро боғлиқлик. Таҳдидлар ва имкониятлар” мавзусидаги конференциянинг аҳамияти хусусида суҳбатлашсак...
Ҳусайин Бағчи, академик, профессор, сиёсий файлар доктори, Туркия ташқи сиёсат институти директори: — Мазкур конференциянинг Ўзбекистонда ўтказилишининг айни вақти. Мавзу Афғонистон ва Жанубий Осиё бўлгани ва Ўрта Осиё мамлакатлари орасида алоҳида нуфузга эга бўлган Ўзбекистон, Афғонистоннинг қўшниси сифатида келажакдаги воқеликларнинг қандай ривожланиши борасида мазкур конференцияни ўтказиши алоҳида эътиборга эга. Мен Ўзбекистон Республикасини яқин келажакдаги давр ичида минтақада ва жаҳон ҳамжамиятида муаммоларни ҳал қилиш борасида муҳим роль ўйнаши мумкин бўлган мамлакат, деб ҳисоблайман. Сиёсий, иқтисодий, геостратегик ва геосиёсий жабҳаларда Ўзбекистон Республикасининг жуда катта роли мавжуд. Бу факторлар, албатта, халқаро сиёсий муносабатлар билан боғланиши лозим.
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳурматли Шавкат Мирзиёевнинг мавзу билан боғлиқ ташаббуслари, албатта, бошқа мамлакатлар томонидан қўллаб-қувватланганига гувоҳ бўлдим.
Мавзунинг нақадар долзарблиги ҳеч биримизга сир эмас. Қўшни мамлакат Афғонистоннинг бугуни ва келажаги. Зеро Афғонистон доим барчамизнинг диққат марказимизда бўлиб келган. Афғонистон масаласида ҳар бир муаммони дипломатик йўл билан ҳал қилиш тарафдори эканимни алоҳида билдиришни истардим. Ўтказилаётган 6+1 – Ўрта Осиё мамлакатлари ва Афғонистон учрашувлари янгича ёндашув ва аҳамият қозонади. Охирги вақтларда янада кучланиб, мамлакатнинг катта ҳудудини ўз назоратига олган “Толибон” ҳаракатининг Афғонистон Республикаси бошқаруви ва ҳукуматини қўлга олиши ёки олмаслигини билмаймиз. Аммо ҳурматли Ашраф Ғанининг яқинда Германиянинг “Der Spiegel” рўзномасига берган интервьюси билан танишиб чиқадиган бўлсак, Афғонистон Республикасидаги охирги вақтларда содир бўлган воқеаларнинг ва шунингдек, мамлакат ичкарисидаги ўзгаришларнинг нафақат мамлакат учун, балки бутун минтақа учун нақадар муҳимлигини ҳис қиламиз. Шундан келиб чиққан ҳолда, Ўзбекистон энг тўғри вақтда энг тўғри конференцияни ўтказаётганига аминмиз.
Қ.Ш.: — Бу конференциянинг натижалари Ўзбекистондан ташқари бутун дунё мамлакатларига нима бера олади? Айтайлик, бугун Туркия ҳам Афғонистондаги вазиятни таҳдидли ҳолат сифатида баҳолаб келмоқда.
Ҳ.Б.: — Буни ҳозирдан айтиш қийин. Эртага конференциядаги нутқларни тинглаб, сўнг бирор хулосага келишимиз мумкин. Бу фикрларимиз эса конференция олдидан тахминлар бўлади, холос. Биринчидан, Туркия Афғонистонда НАТО билан бирга ҳаракат қилаётган эди. Шунинг учун НАТО ва АҚШ Қуролли Кучларининг Афғонистондан чиқиши ортидан, албатта, Туркия ҳам Афғонистондан чиқишга мажбур бўлади.
Қ.Ш.: — Туркия чиқадими?
Ҳ.Б.: — Бундан қочиб бўлмайди. “Толибон” вакилининг энг охирги интервьюсида барча хорижий кучларнинг Афғонистондан чиқиши кераклиги айтилди. Шуни ҳам унутмаслик керак, Қобул аэропорти турклар томонидан қўриқланмоқда ва фойдаланилмоқда. Аэропортда 500 га яқин турк аскари бор. Булар албатта, “Толибон” ҳаракати вакиллари билан музокаралар давомида гаплашиб, келишиладиган масалалар. Бугунгача бўлган учрашувларда бу масалалар билан боғлиқ ҳеч қандай натижага эришилмади. Ўйлашимча, “Толибон”нинг хоҳиши шуки, бошқалар қатори Туркия ҳам Афғонистондан бутунлай чиқсин, кейин бу масалаларда ўзаро шартнома қилиниши мумкин.
Туркия бу масалада ҳам АҚШ ва НАТО аъзолари билан аллақачон бир келишувга эришди. НАТО йиғилишида ҳурматли Ражаб Тойиб Эрдўғаннинг Қобул аэропортини Туркия ишлатиши ва қўриқлаши борасидаги таклифи қабул қилинди.
Бу, албатта, сиёсий бир ёндашув ёки Туркия ва Афғонистон орасидаги шахсий муносабатлар натижаси бўлиши мумкин. Чунки Туркия, Афғонистон ва Покистон икки ҳамда уч томонлама мулоқотлар олиб бориб келмоқда. Бундан ташқари, Туркия Доҳада ўтказилган учрашувларда АҚШ ва Афғонистон орасида холис яраштирувчи ролини ўйнаган мамлакат эди.
Мазкур конференциянинг натижалари қандай бўлади, деган саволга эса жавобни қуйидагича бериш мумкин: эртага ўртага ташланадиган фикрлар, Афғонистон масаласининг қандай идрок этилганини кўрсатади. Афғонистондаги вазият, сиёсий режим ўзгариши бўладими ё йўқ, Ҳукумат ўзгарадими, “Толибон” ҳаракати ва амалдаги ҳукумат раҳбари ҳурматли Ашраф Ғани орасида муносабатлар ўрнатиладими..? Бу каби масалаларнинг барчасига яқин кунларда ойдинлик киритилади.
Муаммоли масалалар фақатгина икки томон ва ёки икки давлатга оид бўлиб қолмай, аслида минтақавий ва глобал даражада муҳимдир. Афғонистон – дунёнинг энг муҳим минтақаси. Муҳим транзит йўлаги ва шунингдек, наркотик олиб ўтиладиган бекат.
Жуда узоқ вақт уруш гирдобида қолган Афғонистоннинг эндиликда тизимни ўзгартирган ҳолда исломий давлатга айланиши ёки айланмаслиги ҳам алоҳида муҳим масаладир. Агар исломий давлатга айланса, фарқли вазият вужудга келади, Аксинча бўлган тақдирда ҳам фарқли вазият ўртага чиқади. Шунинг учун эртага конференцияда режалаштирилган нутқлар, аввало БМТ Бош котибининг нутқи, албатта, дунёга Афғонистон ва мавжуд муаммолар тўғрисида жуда муҳим сигналлар беради.
Қ.Ш.: — АҚШ ва НАТО кучларининг Афғонистонни ташлаб чиқиб кетишини кўпчилик “Толибон”нинг янада кучланишига олиб келади, деб баҳоламоқда ва “Толибон”ни Марказий Осиё мамлакатларига таҳдид сифатида кўрмоқда. “Толибон” шу кетишда давом этса, Ўзбекистонга таҳдид бўлиши мумкинми?
Ҳ.Б.: — Ҳозирча шуни айтишимиз мумкин: “Толибон” ҳаракатининг сиёсий маънода кучи қандай бўлишини кўрамиз. Яъни “Толибон”нинг Афғонистон ичидаги кучи ва салоҳияти қандай? Барчамизга маълумки, “Толибон” катта ҳарбий куч эмас. Яъни, “Толибон” бир давлат қуриши учун жуда узоқ вақт керак бўлади. Давлат қуриш осон иш эмас, албатта. Ҳурматли Ашраф Ғани ва “Толибон” вакиллари орасида ўтказиладиган учрашув ва музокаралар ҳам бу масалаларга анча ойдинлик киритади.
“Толибон” ҳаракати минтақада 2000 йиллардан кейин пайдо бўлиб, кундан-кунга кучайиб келган ҳаракат сифатида кўрилади. “Time” газетасининг 2001 йилдаги сонида “Толибон”нинг куни битди”, деган сарлавҳа билан бир мақола эълон қилинган эди. Орадан 20 йил вақт ўтди ва вазият тамоман тескари бир ҳолга келди. Бунда америкалик таҳлилчиларнинг нақадар катта хато қилганини кўриш мумкин.
Шу боис Афғонистондаги вазият ва воқеалар ривожининг бу минтақада яшаётган одамлар, қўшни мамлакатлар – Ўзбекистон, Тожикистон, Туркманистон учун яқин келажакда таҳдид ва хавф туғдирмаслиги учун муҳокама, музокаралар ўтказиш ва шунга қараб чора-тадбир олиш керак.
Мен “Толибон” минтақа бўйлаб ёйиладиган сиёсат юритади, деб ўйламайман. Ёки аскарлари билан масалан Ўзбекистонга ҳужум қилади, деб ҳам ўйламайман. Уларнинг бундай имконияти йўқ. Қуроли йўқ, аскари йўқ, ҳарбий салоҳияти йўқ ва бу нарсалар бир кунда амалга ошадиган ишлар эмас.
Қ.Ш.: — “Толибон”ни қўллаб-қувватлайдиганлар топилиши мумкинми? Ёки ҳозир борми?
Ҳ.Б.: — Ҳозир уларни қўллаб-қувватловчи бирор бир ташкилот ёки давлат йўқ. Эрон билан оралари бузилган, “Толибон”нинг Эрон билан ҳамкорлиги йўқ. Саудия Арабистони қўллаб-қувватлаши мумкинми? Менимча йўқ, чунки Саудия Арабистонининг АҚШ билан ҳамкорлиги бор. Америкаликлардан бошлаб бутун Ғарб мамлакатлари ўз ҳарбий кучларини Афғонистондан олиб чиқиб кетадилар, аммо шуни ҳам унутмаслик керак, “Толибон” бу мамлакатлар билан ҳамкорлик қилишга мажбур. “Толибон” вакили Россияда берган интервьюсида, “дунё ҳамжамияти олдида ўзларини таҳдид ёки хавф сифатида баҳоламасликларини, Афғонистонда исломий бир давлат қуришни, Афғонистоннинг хорижий ҳарбий ва сиёсий кучлардан озод қилинишини исташларини” билдирди.
Тарихдан Искандар Зулқарнайндан тортиб, инглиз босқини ва ёки рус истилоларига қадар барча хорижий мустамлакачилар Афғонистонни тамоман забт эта олмай, ортга чекинганларини кўриш мумкин. АҚШ ҳам улардан бири. Дональд Трампнинг машҳур бир гапи бор эди: “Биз Ироқ ва Афғонистонда 7 триллион доллар пул сарфладик, аммо самолётларимиз ҳали ҳам фақат оқшом – тун ярмида у ерга қўна олади”.
АҚШнинг ортга чекинишини, менимча, иккинчи Вьетнам ҳодисаси, дея аташ мумкин. Бунда Қўшма Штатларнинг муваффақиятсиз сиёсат юритгани кўринди.
Қ.Ш.: — АҚШнинг Афғонистондаги ҳаракатини тўлиқ муваффақиятсиз, деб айта оламизми?
Ҳ.Б.: — Юз фоиз! Ахир, ортга қайтяпти. АҚШ ва НАТО кучларининг ортга қайтиши – муваффақиятсизликнинг ифодаси.
Қ.Ш.: — 20 йил давомида вазиятни тизгинда ушлади, деб аташ ҳам мумкинми?
Ҳ.Б.: — Бу вақтинчалик фикр. Бир мамлакатни ишғол қилиб олишингиз мумкин. Ёки бирор мамлакатни бутунлай ўз назоратингизга олишингиз мумкин. Халқаро муносабатларда шунақа бир қоида мавжуд: бирор бир мамлакатни бошқариш учун энг аввало ўша мамлакатда ҳарбий кучларингиз бўлиши керак. Яъни, Рим императорлиги, Инглиз императорлигининг ёки Усмонийлар императорлиги қилганидек.
20 йил – дунё тарихи учун жуда қисқа муддат ва менимча, муваффақиятсиз уриниш. Зотан бу уринишлар муваффақиятсиз бўлганини фақат мен эмас, балки америкаликларнинг ўзи ҳам гапиряпти. Чунки, бу уруш, аввал бошдан ҳақсиз бир уруш эди.
Россиянинг сиёсий ҳаракатларини диққат билан кузатиш керак. Яъни, Россия ва “Толибон” ҳаракати орасидаги муносабатлар, айниқса, жуда муҳим. Россия, Хитой ва Американинг ҳам Афғонистон билан боғлиқ сиёсий ҳаракатларини диққат билан кузатиб бориш лозим.
Шунингдек, минтақадаги мамлакатлар, Ўзбекистон, Туркманистон, Қозоғистон ва албатта, Туркиянинг ҳам Афғонистон билан боғлиқ сиёсатини кузатиш, таҳлил қилиш керак. Афғонистон минтақадаги мамлакатлар учун ҳарбий жиҳатдан хавф-хатар туғдириши мумкинми, деган саволга жавобим аниқ: уларнинг армияси йўқ, қурол-яроқлари йўқ, уруш учун имконияти йўқ. Шундоқ ҳам 1979 йилдан бери урушлар гирдобида қолган бир мамлакат. “Толибон”ни қийнайдиган яна бир оғир вазият эса, кўплаб ёшларнинг мамлакатни ташлаб қочаётгани. Бугун “Толибон” бир гуруҳликдан давлат қуриш йўлида кетмоқда. Бу узун йўл ва муваффақиятли бўлиши ҳам мумкин ёки аксинча... Давлат қуриш ва уни бошқариш алоҳида масала. Иқтисодиёт, савдо-сотиқ, аҳоли, дунёга очилиш каби масалаларни таҳлил қилар эканмиз, “Толибон”га анча қийин бўлишини кўриш мумкин. Ҳукуматни қўлга олиш, мамлакатни билганингизча бошқариш мумкин, дегани эмас.
1979 йил Эронда давлат тўнтаришини кўрдик, Ҳукуматни бошқаришга Ҳоманаий келди. Бугун эса Эрон энг прагматик сиёсат олиб бораётган давлатлардан бири. “Толибон” ҳам яшаб қолиш учун прагматик йўлни танлашга мажбур бўлади. Назарий жиҳатдан олиб қараганда, уларнинг диний давлат қуриш каби ниятлари йўқ. Шундоқ ҳам атрофидаги мамлакатлар мусулмон давлатлар.
Афғонистоннинг келажакда ўз ички масалаларини тинч йўл билан ҳал қилиши, тараққиётга юз тутиши муҳим масала. Таълим, санъат ва маданият, эркак ва аёл муносабатлари жиҳатидан мамлакат тараққий этадими ёки орқага кетади? Масалан Эрондаги каби у ерда ҳам аёллар жуда катта куч. Афғонистонда “Толибон”лар ҳукумат бошқарувига келсалар, аёлларнинг жамиятдаги ўрни қандай бўлади? Фақат эркаклардан иборат жамият билан ривожланиб бўлмайди. Шу боис мен “Толибон” вакилларининг ҳар бир интервьюсини диққат билан кузатиб бораман.
Кун сайин улар тўғри ва реал ҳаётга асосланган прагматик нуқтага келмоқдалар ва бутун дунёга ҳамкорлик таклиф этишяпти. Бу жуда муҳим жиҳат. Бундан “ҳа, бу ердан барча кучлар кетади, аммо биз мулоқот қиламиз ва келишамиз”, деган фикрни уқиш мумкин. Бу борада улар минтақа учун идеологик нуқтаи назардан таҳдид туғдиришлари мумкин, аммо бу ҳарбий, технологик, иқтисодий томондан таҳдид эмас. Мамлакат янгидан қурилиши керак. Унинг хорижий инвестицияга эҳтиёжи бор, пул келиши лозим. Йўллар қурилиши, урушда кули кўкка совурилган ҳудудларни тиклаш шарт. Менимча, “Толибон” идеологик жиҳатдан муваффақиятга эришган бўлса-да, иқтисодий жиҳатдан бутун дунёга очилишга мажбур. Ўз қобиғига ўралиб қолиши мумкин ҳам эмас. Чунки, халқаро муносабатларда тамал қоида бор: оқшом иссиқ овқати йўқ уйда ҳеч бир тизим ишламайди.
Қ.Ш.: – Афғонистонда “Толибон”дан ташқари ички кучлар ҳам талайгина. “Толибон” улар билан муросага келишда қандай йўлни тутади? Муроса қила оладими?
Ҳ.Б.: — Албатта, Афғонистон – жуда фарқли маданиятлар ва этник гуруҳларни ўз бағрига сиғдирган ҳудуд. Бу доим муаммоларнинг асл сабаби бўлиб келган ва бир гуруҳ Ҳукумат тепасига келганда бошқаларни назоратда ушлаб туролмайди. Айни улусдан бўлса, муаммо йўқ. У ерда ўзбеклар, тожиклар, пуштунлар бор. “Толибон”нинг майдонга чиқиши аслида, барча этник гуруҳлар ва маданиятлар орасига низо уруғини сепган СССРнинг парчаловчи ва АҚШнинг номигагина яраштирувчи сиёсатига қарши бош кўтариш эди. Аммо жамиятнинг ёки кўпчиликнинг дастагини олиш жуда қийин масала. Зотан дунё тарихида ҳар доим шундай бўлиб келган. Бир ташкилот ёки ҳаракат давлат қуришни истаса, энг аввало бутун халқнинг ёки кўпчиликнинг ишончини қозониши керак.
Қ.Ш.: — Қозонадими?
Ҳ.Б.: — Бу ҳам савол бўлиб қолаверади. Бу саволга ҳозир жавоб бериш жуда қийин. “Толибон” анъанавий шаклда, шариат қоидалари бўйича бошқарув ўрнатса, муваффақиятга эриша олмайди. Афғонистоннинг бу минтақада шариат қоидаларига кўра бошқарилиши, унинг янада пароканда бўлишига олиб келади.
Қ.Ш.: — Халқ ҳам буни истамайди...
Ҳ.Б.: — Истамаслиги аниқ! Айни вақтда, фуқаролар мамлакатдан қочяпти, бошқа давлатларга кетишяпти, жумладан Туркияга ҳам. “Толибон” агар ҳокимият тепасига келса, аҳолини иш ва озиқ-овқат билан таъминлаш, эркинлик каби муаммолар билан юзлашади.
Қ.Ш.: — Марказий Осиё мамлакатлари қочаётган афғон халқига чегарасини очиб бериш мажбуриятида қолмайдими?
Ҳ.Б.: — Ажойиб савол. Чегараларни бир томонлама назорат қилиш имконсиз. Икки томонлама назорат қилиниши лозим. Масалан, Ўзбекистон қочқинларни қабул қилишни истамаса, чорасини кўради. Худди биз Туркияда Сурияли қочқинларни қабул қилишни истамаганимиз каби. Бошқа томондан эса, ҳокимиятга келишни истаган “Толибон” ўз аҳолисини ҳимоя қилиши керак. Агар “Толибон” ўз аҳолисининг бошқа ерларга кетишига изн берса, у ҳолда ҳокимият заифлашади. Инсонлар ўз ерларида қолишлари ва Ҳукумат билан бирга ишлашлари керак.
Ҳозир жараён давом этмоқда. Қоча олганлар қочиб кетишяпти. Бу эса “Толибон”лар режимининг фуқаролар томонидан қабул қилинмаганини англатади. Биз бунинг намунасини Европадаги ҳукумат тўнтаришларида кўрдик. Совет Иттифоқи репрессияларига гувоҳмиз. Одамлар ўз заминларида қолдилар. Бошқа юртларга кетмадилар. Аммо Афғонистон масаласи умуман бошқа бир масала.
“Толибон”ларнинг диний давлат қуриш истаги бор. Бироқ, бу диний давлат қанақа бўлади? Саудия Арабистонидагидекми, Туркиядагидекми ва ёки Ўрта Осиёдаги Ислом тушунчасидекми? “Толибон” бошқарувидаги Афғонистоннинг радикал Ислом билан муваффақиятга эришиши мумкин эмас. Айни вақтда муваффаятли бўлишлари мумкин, аммо ижтимоий соҳада ютуққа эришмасликлари кўпроқ аён. Шу боис дунёга очилишлари керак. Мамлакатни ёпиб қўя олмайдилар, зотан бу минтақада ёпиқ бўлишлари ҳам мумкин эмас. Чунки АҚШ, Хитой, Россия бу минтақада. Ҳукумат тепасига келганлар бу кучлар билан, шунингдек минтақадаги бошқа кучлар – Ўзбекистон ва Қозоғистон билан мулоқот қилишга мажбур. Чегараларни биргаликда қўриқлаш ва мамлакатни ривожлантириш учун ёрдам олишга мажбур. Хорижий инвестициялар келмаса, Афғонистон ўзини янгидан иншо эта олмайди.
Қ.Ш.: — Ҳозирча “Толибон” бошқа мамлакатларга хавф туғдирмади ҳам дейлик, лекин “Толибон” радикал давлат қуриш йўлини танласа, у билан бошқаларнинг, хусусан Туркиянинг алоқаси қандай бўлади?
Ҳ.Б.: — “Толибон” – ИШИД эмас. Яъни кўчада инсонларни қатл қиладиган, уларга азият етказадиган... Уларнинг халифалик қуриш мақсади ҳам йўқ. Тан олиш керак, бошидан то бугунгача “Толибон” – модерн тараққиётга қарши бўлган, идеологияларини фақат диний қоидаларга мос равишда шакллантирган бир ҳаракат. Аммо ИШИД ва “Толибон” умуман бошқа-бошқа. Афғонистон миллий пул бирлигини босиши шарт эмас, чунки бор. Афғонистоннинг ўз чегаралари бор. Афғонистоннинг ўз ерлари бор. ИШИД эса Сурия ва Ироқда ерга эгалик қилишни истаётганди. Афғонистоннинг бундай дарди йўқ. Афғонистоннинг дарди – ўз тупроқларини ҳимоя қилиш.
Бу мавзуда давлатлар нуқтаи назаридан шуни айтишим мумкинки, давлатлар ақлли иш юритадилар. Қайси идеологиядан бўлишидан қатъи назар Шимолий Кореядагидек коммунист режими бўладими, Эрон ёки Афғонистондаги “Толибон”ми, истаса-истамаса ички фаровонликни таъминлаш ва ташқи алоқаларни юритишга мажбур.
Агар қўшни мамлакатлар “Толибон”ни ўзларига бир таҳдид деб билишса, у ҳолда “Толибон”нинг иши жуда қийин бўлади. “Толибон” қўшни мамлакатлар билан низоли вазиятларга тушмасдан, энг камида ҳозирча тинч-тотув яшашга мажбур. Мен агар “Толибон” ҳокимият тепасига келса, янада ақлли йўл тутишига, ўз сиёсатини минтақада янада кенгайтиришига ишонаман.
Туркия тарафидан қарайдиган бўлсак, Туркиянинг ҳам Ўзбекистон каби Афғонистонга тарихий боғлиқлиги бор. Яъни Афғонистоннинг тараққиёти жараёнида, Туркия – 1923 йилдан буён Афғонистон билан мулоқот қилиб келаётган мамлакат. Садабад ва Бағдод пакти билан ҳамкорлик қилди.
Ўзбекистоннинг Афғонистонга жуда яқин қўшни экани, этник муносабатлар доирасида Афғонистонда яшайдиган ўзбеклар борлиги табиий сабабдир. Буни яқин қўшнилар билан сиёсат юритиш, деса ҳам бўлади. Яқин қўшни мамлакатда юз бераётган воқеа-ҳодисалар, албатта, Ўзбекистонни ҳам бефарқ қолдирмайди. “Толибон” барча қўшнилар учун муаммо бўлиши ҳам мумкин. Аммо “Толибон” қўшни мамлакатлар учун имкон борича хавф ва таҳдид туғдирмайдиган сиёсат олиб бормоқда, назаримда. Афғонистонда ҳокимиятни эгаллаш, мамлакатни бошқариш. Албатта, бу осон эмас ва йилларни талаб этади.
Бутун дунёда айни вақтда сиёсий лидерларнинг ўзаро муносабатларни яхшилашга қаратилган ҳаракатлари сезилмоқда. АҚШ ҳам, Европа Иттифоқи, Россия ва Хитой ҳам худди шундай ҳаракатларни амалга оширмоқда.
Ўзбекистонни Ўрта Осиёнинг марказида жойлашган бир мамлакат сифатида, аҳоли сони, ер ости ва ер усти бойликларига, шунингдек, минтақадаги мамлакатларнинг муаммоларини ҳал қила олиш имкониятларига кўра, келажаги буюк мамлакат, деб ҳисоблайман. Ўзбекистоннинг иқтисодий ислоҳотларни амалга ошириши, дунё ҳамжамияти билан янада кўпроқ муносабатлар ўрнатиши, шунингдек, минтақадаги муҳим мамлакат бўлиши каби факторларни 2017 йилдан олдин гапириш бироз имконсиз эди. Чунки мамлакат ташқи дунёга ёпиқ эди. Ташқи дунёга очилиш ва дунё ҳамжамияти билан муносабатларни мустаҳкамлаш мамлакат тараққиёти учун хизмат қилади. Шунинг учун Ўзбекистон дипломатияси, савдо-сотиқ соҳаси, технология ва иқтисодиётини ривожлантириши керак. Бу масалалар ҳақида ўйлар эканман, Ўзбекистоннинг Ўрта Осиё мамлакатлари орасида яқин келажакда жуда катта ривожланиш босқичига чиқади. Шунинг учун эртага ўтказиладиган конференция ҳам Афғонистон масаласида, ҳам Ўзбекистоннинг келажакка босадиган қадамлари борасида синов бўлади, деб ўйлайман.
Ўзбекистон Афғонистон масаласида хавотир олмаса ҳам бўлади. Афғонистон Ўзбекистон учун ҳеч қачон таҳдид бўлолмайди. Бу масалада фикрим ғоят очиқ ва аниқ.
Афғонистон эса бу минтақада қўшни давлатлар билан муносабатларини яхшилаши керак. Афғонистонни қанчалик яхшироқ яқинингизга олсангиз, Афғонистон шунчалик кўпроқ ривожланади, тахмин қилинган таҳдидлар ҳам шунча камаяди.
Қ.Ш.: — АҚШ қуролли кучларининг Афғонистонга киришида бош-қош бўлган собиқ Президент Жорж Буш ва охирги Президентлардан Дональд Трамп, шунингдек кўплаб сиёсатчилар амалдаги раҳбар Байденнинг АҚШ ҳарбийларини Афғонистондан олиб чиқиб кетиш тўғрисидаги қарорини қораламоқда.
Ҳ.Б.: — АҚШнинг Афғонистон билан боғлиқ сиёсати қанчалар хато бўлгани бугун очиқ-ойдин кўринмоқда. Американинг Афғонистондан чиқиб кетиши эса, мамлакатдаги баъзи бир қатламларнинг орзу-умидларини йўққа чиқарди.
Қ.Ш.: — Буни хато дейишимиз мумкинми?
Ҳ.Б.: — Албатта! АҚШ ҳарбий кучларининг Афғонистондан чиқиб кетиши, “Толибон”га қарши бўлган баъзи қатламларга нисбатан катта хато. Чунки улар Америка ва НАТОга жуда ишонишган эди. Энди эса америкаликлар кетишмоқда ва бу қатламлар “Толибон” билан яккама-якка қолмоқда. Бу ҳолатда улар “Толибон” билан келишувга эришишлари керак. Албатта, “Толибон” бу қатламнинг ҳаммасини қамоққа олиши имконсиз. Ҳибсхоналардаги “Толибон”чиларнинг озод қилиниши ҳам келажакдаги музокаралар давомида кун тартибида бўлади.
Шунга ҳам эътибор бериш керакки, Жо Байден олиб бораётган сиёсат бироз Барак Обама сиёсатининг давоми сифатида кўрилмоқда. Ироқдан ортга чекиниш ва Афғонистондан ҳам ҳарбий кучларни олиб чиқиш 2010 йиллардаги сиёсат эди. Дональд Трамп бу ишларни амалга оширмади, аксинча, бироз узайтирди. Аммо Жо Байден чала қолган ишларни тугатиш мақсадида эканини кўриш мумкин. Айни вақтда бу ҳаракатлар АҚШ учун қимматга тушади.
Туркия Афғонистон масаласига кўз юма олмайди. Зотан Туркияда бўлаётган тортишувларда, мухолифатчилар Туркиянинг Афғонистонда бўлиши таҳлика экани, мамлакатдан дарҳол чиқиши кераклигини айтишмоқда. Бошқа томондан Ҳукумат Қобул аэропортини қўриқлашини таъкидламоқда. Бу ҳолатда “Толибон”нинг ҳаракатлари ҳам жуда муҳим. “Толибон” сиз турклар, энг аввало бизнинг ерлардан чиқиб кетинг, кейин яна музокаралар ўтказамиз”, демоқда. Фикримча, “Толибон”нинг Туркияга муносабати, орзу қилингандек бўлмади. Туркия Президенти “Толибон”дан бироз яқинроқ ва яхшироқ муносабат кутган эди. Кўпроқ ён босади, деб ўйлаган эди. Аммо, “Толибон” бу борада аниқ фикрга эга: тупроқларидан барча хорижий, жумладан Туркия аскарларининг чиқиб кетишини истамоқда. Бугун эрталаб берилган баёнотда шундай дейилган эди. Албатта, кутиш керак.
Қ.Ш.: — Туркия мана 10 йилдирки Сурия ва Ироқдан келган қочқинларга эшигини очиб, мезбонлик қилмоқда. Бу мамлакат иқтисодига ҳам катта зарар келтирмоқда. Бугунга қадар миллиард-миллиард долларлар сарфланди. Агар Афғонистонда ҳам шундай ҳолат кузатилса, Туркия Афғонистондан келган қочқинларга ҳам эшигини очиши мумкинми? Бунда мамлакатни нималар кутмоқда?
Ҳ.Б.: — Яхши савол! Айни вақтда Туркия худди Хитой девори каби Ироқ ва Сурия чегарларида девор қуриб, чегарани ҳимоя қилиш ҳаракатида. Эрон билан ҳам 146 кмга яқин майдонда чегара қурилиши бошланди. Анъанага кўра, афғонлар Туркияга Эрон томонидан кириб келадилар. Эрон уларнинг мамлакат ҳудудида қолишларини истамайди ва Туркия томонга йўналтиради.
Қ.Ш.: — Коридор вазифасини ўтайди…
Ҳ.Б.: — Ҳа, коридор бўлади. Қочқинларнинг асосий қисми ёш йигитлар ва бу Туркия учун анча катта муаммо. Умуман олганда, Афғонистондан келган қочқинлар, Туркия шароитига дарҳол мослашадилар, уларнинг мамлакат ичидаги интеграцияси билан боғлиқ муаммо йўқ. Масалан, Суриядан келган қочқинларнинг мамлакат ичидаги мослашуви ва интеграцияси бироз муаммоли. Чунки маданиятлар жуда фарқли.
Афғонлар меҳнаткаш, айниқса, қишлоқ хўжалиги соҳасида, чорвачиликда жуда яхши ва ишончли иш кучи ҳисобланади. Энг муҳими, улар ёш. Туркия 2012 йилдан буён хорижий қочқинларга 80 миллиард доллар сарфлади. Туркия қочқинларга эшигини очиш билан хато қилганини кўрди, аммо жуда кеч қолди. Суриядаги вазият бир неча ой ичида барқарорлашади, деб ўйлашган эди. Аммо 11 йил ўтса ҳамки, нотинчликлар давом этадиганга ўхшаб кўринмоқда. Бу демографик жиҳатдан муаммо. Иқтисодий жиҳатдан эса муаммо бўлмаслиги мумкин. Чунки Туркияда олдимиздаги давр учун арзон иш кучи пайдо бўлди ва бу бир устунлик. Бу тўғрими, деб сўрасангиз, йўқ деб жавоб қиламан. Аммо, Туркиянинг ҳам бошқа йўли йўқ?
Қ.Ш.: — Туркиянинг Афғонистонга ҳам эшигини очишдан бошқа чораси йўқ, деб ўйлайсизми?
Ҳ.Б.: — Ўйлашимча, айни вақтда чегараларни ёпишни ўйламаяпти. Чунки қочқинлар Эрон орқали келишяпти. Муҳим бир нарсани айтишим лозим, томошабинлар буни диққат билан эшитишларини истардим: Суриядан келганлар билан Афғонистондан келаётганлар орасида катта фарқ бор. Афғонистондан келаётган радикал исломий режимдан қочиб келишмоқда. Туркия бундай исломий ҳаракатларнинг катта йўқотишга учраётганини кўрмоқда. Одамлар қочяпти. Хўш, улар Туркияга нега келяпти? Чунки Туркия – дунёвий давлат. Турк халқи ИШИД каби “Толибон”нинг ҳам хато йўлдан бораётганини кўриб турибди.
Қолаверса, Туркияда Афғонистонликларга нисбатан илиқлик бор. Бу тарих билан боғлиқ. Сурияликларга бу илиқлик кўрсатилолмайди.
Қ.Ш.: — Ўртага нон тушганда илиқлик бўлармикин?
Ҳ.Б.: — Туркияда 4 миллион суриялик, 2 миллион дунёнинг бошқа мамлакатларидан келган қочқинлар бор. Аммо афғон қочқинлар 4 миллион эмас. Мен 4 миллион афғон келади, деб ўйламайман. Шу боис ҳамон вазиятни назоратга олса бўлади. Суриянинг тақдиридан дарс олиш мумкин.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь