Ўзбекистон Афғонистонга 200 тонна озиқ-овқат юборди
Жамият
−
21 Март
9375Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг топшириғига мувофиқ халқнинг бағрикенглик ва қўллаб-қувватлаш рамзи сифатида Наврўз байрами ва яқинлашиб келаётган Рамазон ҳайити (Ийд ал-Фитр) муносабати билан Афғонистон аҳолисига қарийб 200 тонна озиқ-овқат маҳсулоти ортилган навбатдаги инсонпарварлик юки қўшни мамлакатнинг Балх вилоятига етказилди. Бу ҳақда Сурхондарё вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, қўшни мамлакатга етказилган зарур озиқ-овқат маҳсулотлари Ҳайратон шаҳридаги Astras компанияси ҳудудида Ўзбекистон Республикаси Президентининг Афғонистон бўйича махсус вакили Исматилла Эргашев, Сурхондарё вилояти ҳокими Улуғбек Қосимов, шунингдек, Мудофаа, Транспорт, Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги ва Ташқи ишлар вазирликлари мутасаддилари ҳамда Балх вилояти губернатори Муҳаммад Юсуф Вафо ҳамда икки томон расмийлари иштирокида топширилган.
Инсонпарварлик ёрдами таркибидан ун, буғдой, макарон маҳсулотлари, ўсимлик ёғи, шакар, тез тайёрланадиган таомлар, қизил ловия ва мош ўрин олган.
Шунингдек, Мозори Шариф шаҳрида икки томонлама учрашув ўтказилиб, келгусидаги ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш масалалари муҳокама қилинган. Суҳбат давомида Ўзбекистон томонидан Афғонистонда барпо этилаётган Имом Бухорий мақбараси қурилиши ҳақида ҳам алоҳида фикр алмашилган.
Билдирилишича, Афғонистон расмийлари Ўзбекистон Президенти ва халқига кўрсатаётган ёрдам учун миннатдорлик билдириб, яқинлашиб келаётган Рамазон ҳайити муносабати билан самимий табрикларини йўллаган. Ташриф давомида амалга оширилаётган янги лойиҳалар билан ҳам танишилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ ҳам Шавкат Мирзиёевнинг топшириғи билан Афғонистон аҳолисини бепул тиббий кўрикдан ўтказиш, зарур озиқ-овқат ҳамда дори-дармон воситалари шаклидаги ёрдам юборилган эди.
LiveБарчаси