Ўзбекистон Афғонистонга инсонпарварлик ёрдами юборди
Жамият
−
25 Декабрь
2772Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг топшириғи билан Афғонистон аҳолисини бепул тиббий кўрикдан ўтказиш, зарур озиқ-овқат ҳамда дори-дармон воситалари шаклидаги ёрдам Афғонистонга юборилди. Бу ҳақда Сурхондарё вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, Афғонистонга жами 9 вагондан иборат “Саломатлик” тиббий-санитар ёрдами юборилган.
“Жорий йилнинг 25-30 декабрь кунлари Афғонистоннинг Балх вилоятида бир гуруҳ аҳоли малакали шифокорлар томонидан бепул тиббий кўрикдан ўтказилади”, дейилади хабарда.
Билдирилишича, мазкур ёрдам Ўзбекистон ва Афғонистон ҳукуматларининг учрашувида афғон халқини Ўзбекистон шифокорлари томонидан бепул тиббий кўрикдан ўтказишда кўмак кўрсатиш сўровига асосан амалга оширилган.
Инсонпарварлик юклари Сурхондарё вилояти ҳокими Улуғбек Қосимов ҳамда Транспорт ва Ташқи ишлар вазирликлари, шунингдек, “Ўзбекистон темирйўллари” АЖ мутасаддилари томонидан етказиб берилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев топшириғига асосан, Афғонистонда кузатилган кучли сел-сув тошқинларида зарар кўрган аҳолига кўмак кўрсатиш, уларни зарур воситалар ҳамда озиқ-овқат билан таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси номидан инсонпарварлик юклари карвони “Айритом” чегара ўтказиш пункти орқали қўшни мамлакатнинг Балх вилоятига етказилганди.